АҚШ ҳукумати Гуантанамо қамоқхонасида ҳибсда сақлаб келинган 11 нафар маҳбусни озод этди. Мудофаа вазирлигига кўра, гап яманлик маҳбуслар ҳақида кетмоқда.
Идора маълум қилишича, «Қўшма Штатлар миллий хавфсизлиги манфаатлари» учун улар Яманга қўшни Ўмон давлатига юборилади. АҚШ администрацияси Гуантанамодаги маҳбуслар сонини қисқартириш ва ушбу қамоқхонани ёпиш мақсадига эришишда ёрдам берган Ўмон ҳукуматига миннатдорчилик билдиради.
The New York Times’нинг ёзишича, 11 нафар яманликка айбловлар эълон қилинмаган, аммо улар ўз ватанидаги фуқаролик уруши сабаб депортация қилинмай келинган.
2024 йил декабр ойида АҚШ президенти Жо Байден Гуантанамонинг тўрт нафар маҳбусини озод этганди. Ҳозирда ушбу қамоқхонада 15 маҳбус қолмоқда, улар орасида 2001 йил 11 сентябрдаги теракт ташкилотчиларидан сифатида гумонланган Ҳолид Шайх Муҳаммад ҳам бор.