АҚШ Давлат департаменти Финляндияга 1,07 миллиард долларга ўрта масофага учувчи ракеталарни сотишни маъқуллади.
АҚШ Мудофаа вазирлиги таркибига кирувчи Мудофаа Хавфсизлик Ҳамкорлиги Агентлиги (DSCA) баёнотида, Давлат департаменти Финляндияга AIM-120D-3 ўрта масофали ҳаво-ҳаво ракеталари ва тегишли жиҳозларни сотишга рухсат бергани маълум қилинди.
Баёнотда таъкидланишича, етказиб бериш Финляндиянинг ҳозирги ва келажакдаги таҳдидларга қарши мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайди, шунингдек, мамлакат миллий хавфсизлигини оширади.
Шу билан бирга, AIM-120C-8 AMRAAM ракеталарининг мавжудлиги Хельсинкига янги тизимларни ўз қуролли кучларига осонлик билан интеграция қилиш имконини бериши қайд этилди. Бироқ келишув “минтақадаги асосий ҳарбий мувозанатни ўзгартирмаслиги” таъкидланди.
АҚШ Давлат департаменти келишувни якуний тасдиқлаш учун Конгрессга тегишли билдиришнома юборди.