Бугун 15 январь, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

АҚШ Европа Иттифоқи давлатларини Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишга ундамоқда

АҚШ Европа Иттифоқи давлатларини Россиянинг музлатилган активларини мусодара қилишга ундамоқда

CNN хабарига кўра, Жо Байден маъмурияти ЕИдаги иттифоқчиларини Ғарб давлатлари томонидан музлатилган Россия активларини мусодара қилишга кўндиришга ҳаракат қилмоқда. 2022 йил февралида Украина билан кенг кўламли уруш бошланганидан кейин Россия Марказий банкининг музлатилган активлари умумий ҳажми 300 миллиард долларни ташкил қилади. Ушбу маблағларнинг асосий қисми Европа Иттифоқи давлатларида жойлашганлиги сабабли уларни мусодара қилиш бўйича музокаралар қийинлашмоқда.

CNN'нинг қайд этишича, Байден маъмурияти ушбу маблағларни эскроу ҳисобварағига ўтказишни таклиф қилмоқда. Бу орқали активларнинг мақоми ўзгаради — улар АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг тасарруфига ўтади. Ушбу маблағлар Россияга, агар у Украина билан тинчлик шартномасини имзоласа, қайтарилиши мумкин. Вашингтон бу чорани босим воситаси сифатида кўриб чиқмоқда.

Байден маъмуриятининг ушбу ташаббуси Трампнинг ташқи сиёсий жамоаси томонидан қўллаб-қувватланган. Аммо Европа Иттифоқи давлатлари бу ҳаракатни "халқаро ҳуқуққа зид" деб ҳисобламоқда. Шунга қарамай, Европа Иттифоқидаги айрим вакиллар, масалан, Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас бу ғояни қўллаб-қувватламоқда.

Киритилди: Бугун 09:27. Ўқилди: 512 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!