"Америка амалда Эронга ядро қуролидан ҳам "қудратлироқ қурол" устидан назоратни топшириб қўйди, чунки Теҳрон исталган вақтда Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйиш ва бундан жаҳон иқтисодиётига босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланиш имкониятини намойиш этди. АҚШ разведка хизматлари шундай хулосага келди", — дея хабар бермоқда "CNN" ўз манбаларига таяниб.
Телеканал маълумотларига кўра, Вашингтонда яқинда содир бўлган можаро пайтида Теҳрон бўғоздаги кема қатновини амалда тўсиб қўйиш қобилиятини исботлади деб ҳисоблашмоқда.
"CNN" манбаларидан бири шундай деди: "Биз амалда Эронга бўғоз устидан назоратни — ҳар қандай ядро қуролидан ҳам кучлироқ бўлган қуролни топшириб қўйдик".
АҚШ разведкаси, шунингдек, Эрон Форс кўрфази давлатларининг энергетика инфратузилмасига зарбалар бериш имкониятини кўрсатиб, яна бир босим ричагига эга бўлди, деган хулосага келди. Шу билан бирга, Эрон арсеналининг катта қисми ракеталар, дронлар, учириш қурилмалари ва миналар ўрнатиш ҳамда кема қатновига босим ўтказиш учун ишлатилиши мумкин бўлган юзлаб тезюрар катерлар сақланиб қолган.
"CNN" ахборотига кўра, АҚШ билан музокаралар муваффақиятсиз якунланган тақдирда, Теҳрон янада қатъийроқ сценарийни — Қизил денгизни Ҳинд океани билан боғловчи Боб ал-Мандаб бўғозини тўсиб қўйиш учун Яман ҳусийларини жалб қилишни кўриб чиқмоқда.
Америка разведкаси Хўрмуз ва Боб ал-Мандаб бўғозларида бир вақтнинг ўзида муаммолар юзага келиши жаҳон савдоси ва энергетика бозорларига жиддий зарба бериши мумкин деб ҳисоблайди.
Мақолада айтилишича, АҚШ маъмурияти можаро пайтида Эроннинг Хўрмуз бўғозини ёпиб қўйишга бўлган тайёргарлигини етарлича баҳолай олмаган.
Эндиликда америкалик мулозимларнинг бир қисми ушбу инқироздан кейин Теҳроннинг келажакда бундай босим воситасидан қайта фойдаланиш эҳтимоли янада юқори бўлди деб ҳисобламоқда. Ҳарбий режалаштиришда иштирок этган "CNN" манбаси бўғоз атрофидаги вазият устидан назоратнинг йўқотилишини АҚШ учун "даврнинг энг катта хатоси" деб атади.