АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон портлари ва соҳилбўйи ҳудудларига кирувчи ҳамда чиқувчи денгиз кемалари ҳаракатига қўйилган блокада бекор қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги Хга хабар берди.
Идоранинг таъкидлашича, Америка кучлари энди Форс кўрфази ва Уммон денгизи минтақасидаги Эрон портларига кемаларнинг кириши ёки чиқишига тўсқинлик қилмайди.
“Бизнинг Ҳарбий-денгиз кучларимиз келишувнинг барча шартларига риоя этилишини, унинг тўлиқ амал қилиши ва кучда бўлишини таъминлаш мақсадида ушбу ҳудудда қолади”, — дейилади баёнотда.
17 июнь куни АҚШ Эрон билан ўзаро англашув меморандумини эълон қилди. Меморандум 14 банддан иборат. Гап Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновини тиклаш, Эронга нисбатан молиявий чекловларнинг бир қисмини юмшатиш бўйича келишувлар, шунингдек, Эрон ядровий дастури бўйича келажакдаги техник маслаҳатлашувлар параметрлари ҳақида бормоқда.