АҚШ Давлат департаменти Яқин Шарқдаги иттифоқчиларига қурол-яроғ ва ҳарбий тизимлар сотиш бўйича бир қатор йирик битимларни тасдиқлади. Исроил, Қатар, Қувайт ва БАА учун тасдиқланган шартномаларнинг умумий қиймати 8,6 миллиард доллардан ошади.
Тегишли билдиришномалар якуний тасдиқлаш учун АҚШ Конгрессига юборилди, деб хабар берди Reuters ахборот агентлиги.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, энг йирик келишувлар тўплами Қатар учун мўлжалланган. Доҳа 4,01 миллиард долларлик Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини, шунингдек, 992 миллион долларлик APKWS (Advanced Precision Kill Weapon System) бошқариладиган ракеталарини сотиб олишга рухсат олди.
Қувайт 2,5 миллиард долларга баҳоланган жанговар бошқарув тизимини сотиб олиш орқали мудофаа инфратузилмасини модернизация қилиш ниятида.
Исроил учун Давлат департаменти 992 миллион долларлик APKWS ракета тизимларини етказиб беришни маъқуллади.
Авиация зарбалари аниқлигини ошириш учун мўлжалланган худди шундай қуролларни Бирлашган Араб Амирликлари сотиб олади; улар учун умумий шартнома қиймати 147 миллион долларни ташкил этди.
АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги ушбу битимлар асосий ҳарбий мувозанатни ўзгартирмаган ҳолда иттифоқчиларнинг миллий хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва минтақада барқарорликни сақлашга қаратилганини таъкидлади.