Бугун 18 июль, 2025 йил, жума

O'ZB

АҚШ Давлат департаменти ислоҳотлар доирасида 1 300 дан ортиқ ходимни ишдан бўшатди

АҚШ Давлат департаменти ислоҳотлар доирасида 1 300 дан ортиқ ходимни ишдан бўшатди

Жума куни АҚШ Давлат департаментида кенг кўламли қайта ташкиллаш ишлари доирасида 1 300 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилди. Бу ҳақда CNN телеканали Давлат департаментидаги манбасига таяниб хабар берди.

Ички хабарнома маълумотларига кўра, ишдан бўшатишлар Вашингтон шаҳридаги 1 107 нафар фуқаролик хизматчилари ва 246 нафар ташқи хизмат офицерларини қамраб олди. Бу ишдан бўшатишлар Трамп маъмуриятининг федерал ҳукуматни қисқартириш бўйича умумий саъй-ҳаракатлари доирасида амалга оширилмоқда.

Ишдан бўшатилган ходимлар орасида қуйидаги соҳаларда фаолият юритган мутахассислар бор:

  • Зўравонлик экстремизмига қарши кураш

  • Толибон ҳокимиятидан сўнг Афғонистондан қочганларга ёрдам

  • Таълимий алмашинув дастурлари

  • Аёллар ҳуқуқлари, қочқинлар ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ масалалар

Ислоҳотлар натижасида юзлаб бўлимлар ва идоралар ёпилади ёки тубдан қайта ташкил этилади. Жума куни тарқатилган электрон хабарномада шундай дейилади:

«Қайта ташкиллаштириш натижасида тахминан 3 000 нафар ходим департаментни тарк этади. Бу рақам ишдан бўшатилганлар ва ихтиёрий равишда ишдан кетганларни ўз ичига олади».

Ишдан бўшатиш пайтида Давлат департаменти биносида ходимларга миннатдорлик билдирувчи ёзувлар осилди. Қолган ходимларни «фашизмга қарши туриш» ва «берган қасамингизни эслаш»га чорловчи плакатлар ҳам кўринди.

Кун охирида Давлат департаменти биноси олдида ишдан бўшатилган ҳамкасбларини кузатиш учун одамлар саф тортди. Баъзилар кўз ёши билан, бошқалар эса қутиларни кўтарган ҳолда чиқиб кетди, юзлаб инсонлар уларни олқишлар билан кутиб турди.

20 йиллик дипломатик тажрибага эга бўлган, жума куни ишдан бўшатилган дипломат Ольга Башбуш CNNга шундай деди:

«Бу бўшатишлар ҳурмат ва қадр-қиммат билан амалга оширилмади. Аммо мен Давлат департаментни юзим баланд ҳолда тарк этдим. Биз хизмат қилиш учун келганмиз ва ҳануз тайёрмиз».

Раллида иштирок этган собиқ дипломатлар ва Демократик партия вакиллари ушбу оммавий ишдан бўшатишларни қоралади. Улар бу қарор дипломатик саъй-ҳаракатлар жуда муҳим бўлган бир пайтда қабул қилинганини таъкидлаб, унинг салбий оқибатларини таъкидлашди.

Шунингдек, Трамп маъмуриятининг қайта ташкиллаштириш сиёсати ҳам танқид остига олинди — унда асосий эътибор иммиграцияни чеклаш ва ҳукуматнинг геосиёсий қарашларини илгари суришга қаратилган, халқаро майдонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса иккинчи ўринга сурилган.

Киритилди: 18:46 12.07.2025. Ўқилди: 500 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!