AҚШ билан 2025-2028 йиллар учун мўлжалланган тариф уруши биргина Германияга йиллик ялпи ички маҳсулотнинг 1,6 фоизи – 290 миллиард еврога тушиши тахмин қилинмоқда.
Бутун Европа Иттифоқининг бу жараёндаги харажати эса 1,1 триллион еврони ташкил қилиши мумкин. Шу боис томонлар савдо сиёсати борасида жиддий музокара олиб бормоқда.
Бу рақамлар Президент Дональд Трамп ташаббуси билан бож сиёсатида олиб борилган ислоҳотлар натижасида юзага келган. Германия иқтисодиёт институти оммага тақдим этган таҳлилий маълумотда айни жараён ривожланаётган мамлакатларга кўпроқ зарар келтириши, баъзи юртлар ўсиш суръатида кескин йўқотишга дучор бўлиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 12 март куни Қўшма Штатлар кўҳна қитъадан кириб борадиган 25 миллиард евролик пўлат ва алюминийга 25 фоизлик бож жорий қилди. Брюссель 22 миллиард евролик AҚШ импортига жавоб тарифини тайёрлади. Бу икки босқичда кучга киради: 15 апрель ва 15 май. 2 апрель куни Трамп 200 дан ортиқ мамлакатга нисбатан “ойна” тарифи жорий этилишини билдирди. ЕИ учун бу кўрсаткич 20 фоиз. Мазкур чора кучга кириши арафасида AҚШ 90 кунлик тиниш эълон қилди. Бу вақт давомида 10 фоизлик базавий ставка амал қилади. Брюссель ҳам айни чоғ жавоб чораси амалиётини кейинга қолдирди.
“Corriere della Sera” нашри ёзишича, ҳозир Брюссель ва Вашингтон савдо сиёсати бўйича музокара олиб бормоқда. Хусусан, Европа Иттифоқи харид қилинаётган Aмерика суюлтирилган газини кўпайтириш, шунингдек AҚШдан қурол олиб, қайта қуролланиш учун молиявий воситани кенгайтириш имкониятини кўриб чиқмоқда.