АҚШ армияси ва Америка мудофаа компаниялари Австралиядаги 110 та ҳарбий объектга кириш имконига эга. The Guardian нашри хабарiga кўра, АҚШ армияси мамлакат ҳудудидаги 17 та объектни назорат қилади, яна 75 та Австралия томонидан бошқариладиган объектга кириш ҳуқуқига эга. Америка мудофаа компаниялари эса 18 та объектга кириши мумкин.
Тадқиқот муаллифи профессор Ричард Тантернинг таъкидлашича, бу ҳолат АҚШнинг Австралия мудофаа тизимига кенг миқёсда интеграциялашганини кўрсатади. Унинг фикрича, Вашингтон ўн йилдан ортиқ вақт давомида Австралияни Хитой билан эҳтимолий урушда йирик ҳарбий операциялар базасига айлантириш имкониятларини яратиб келмоқда.
АҚШ ҳарбийлари фойдаланадиган объектларнинг 92 таси разведка маълумотларини йиғиш, сунъий йўлдошлар орқали ахборот олиш, алоқа воситаларини кузатиш, ҳарбий машғулотлар ва қурол-яроғларни жойлаштириш учун ишлатилади. Pine Gap қўшма АҚШ-Австралия разведка объекти эса АҚШнинг зарба бериш нишонларини аниқлашда муҳим роль ўйнайди.
Австралия ҳукумати АҚШ ҳарбийлари иштироки доимий эмас, балки «ротацион» характерга эга эканини таъкидламоқда. Бироқ яқин йилларда мамлакатдаги Америка ҳарбий контингенти янада ошиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, австралияликларнинг АҚШга бўлган ишончи пасаймоқда. Lowy институти сўровига кўра, АҚШ халқаро майдонда масъулиятли ҳаракат қилаётганига ишонган австралияликлар улуши 31 фоизга, Дональд Трампга глобал масалаларда тўғри қарорлар қабул қилиш борасида ишонганлар эса 21 фоизга тушган.
Австралия экспертлари АҚШ ҳарбий иштирокининг кучайиши мамлакатнинг мустақиллиги ва суверенитетига хавф туғдириши, шунингдек, Австралияни АҚШ-Хитой қарама-қаршилигига тобора кўпроқ жалб қилиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.