АҚШ Адлия вазирлиги Tik Tok'ни болалар ҳақидаги маълумотларни ноқонуний йиғишда айблади. Агентлик ижтимоий тармоқ ва унга эгалик қилувчи компанияни жаримага тортишни талаб қилмоқда, деб хабар беради Подробно.уз мухбири.
New York Times газетасининг ёзишича, даъво аризасида 13 ёшгача бўлган болалардан ота-оналарнинг розилигисиз маълумотлар тўплангани айтилади. Шунингдек, аниқлик киритилишича, ижтимоий тармоқ ота-оналар сўраганида аккаунтларни ўчиришдан бош тортган.
«Иловада 13 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун »Болалар режими« мавжуд, аммо платформа била туриб, 13 ёшгача бўлган болаларга Tik Tok'нинг стандарт режимида аккаунт яратишга рухсат беришда давом этмоқда ва ота-оналарни огоҳлантирмасдан ёки ота-онанинг тасдиқланиши мумкин бўлган розилигини олмасдан, бу болалардан шахсий маълумотларни тўплайди.» даъво аризасида айтилади.
Адлия вазирлиги Tik Tok ва Хитойнинг ByteDance ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи компаниясини жаримага тортишни, шунингдек, «Tik Tok'нинг болалар шахсий ҳаётига ноқонуний равишда кенг кўламли тажовуз қилишига чек қўйишни» талаб қилди.
Ижтимоий тармоқ раҳбарияти айбловларни инкор этиб, даъво аризасида келтирилган ҳолатлар нотўғри ёки компания томонидан аллақачон кўриб чиқилганини даъво қилмоқда.
Апрель ойида АҚШ президенти Жо Байден қонунни имзолади, унга кўра, агар ByteDance шу вақтгача Tik Tok'ни сотмаса, январь ойининг охиригача дастур штатларда тақиқланади. Бу қарор миллий хавфсизлик сабаблари билан изоҳланган.