Ангрен шаҳрида зўравонликка учраган вояга етмаган Й.С.га нисбатан жиноят иши суд муҳокамаси босқичига етди. Болалар омбудсмани унинг соғлиги ва руҳий ҳолатини ўрганиш мақсадида шифохонага ташриф буюриб, қизнинг аҳволи билан танишди.
Жорий йил июль ойида Ангрен шаҳрида содир этилган зўравонлик жинояти қурбони бўлган вояга етмаган Й.С. ҳозирда Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказида даволанмоқда.
Болалар омбудсмани қизнинг соғлиги ва психологик ҳолатини ўрганиш мақсадида шифохонага ташриф буюриб, у билан холи суҳбат ўтказди. Суҳбат давомида Й.С. ўзининг саломатлиги, ота-онаси ва оила аъзоларига нисбатан муносабати, ишончи даражаси ҳамда келгусида қай бири билан яшашни исташи ҳақида фикр билдирди.
Шифокорлар кўрсатаётган ғамхўрлик ва масъулият туфайли қизнинг аҳволи яхшиланиб, тана вазни ошган ва умумий ҳолати барқарорлашган. Шу билан бирга, Миллий гвардия ҳузуридаги Болалар психологияси маркази томонидан жалб этилган малакали психолог мунтазам муолажалар олиб бориб, қизнинг руҳий ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда.
Психолог хулосасига кўра, Й.С. посттравматик тикланиш босқичида бўлиб, унинг ҳолатини барқарорлаштириш ва травматизациянинг олдини олиш учун даволанишдан кейин нейтрал ва хавфсиз оилавий муҳитга жойлаштириш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Айтиш керакки, мазкур жиноят иши бўйича тергов якунланиб, материаллар судга юборилган. Ҳозирда суд муҳокамаси давом этмоқда. Болалар омбудсмани боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш нуқтаи назаридан суд жараёнида иштирок этмоқда ва келгусида уни хавфсиз муҳитга жойлаштириш чоралари устидан кузатувни давом эттиради.