Англия терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Уэйн Руни спиртли ичимликлардан воз кечганидан кейин ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бергани ҳақида гапирди.
40 ёшли собиқ футболчи сўнгги олти ой давомида умуман алкоголь истеъмол қилмаганини ва шу вақт ичида 19 килограмм вазн ташлаганини маълум қилди.
Рунининг таъкидлашича, бу қарор нафақат унинг жисмоний ва руҳий саломатлигига, балки оилавий муносабатларига ҳам ижобий таъсир кўрсатган.
"Олти ойдан бери спиртли ичимлик ичмаяпман. Рафиқам Колин бундан жуда хурсанд. Чунки ҳозир оилавий муносабатларимиз анча яхшиланган ва аввалгидан ҳам бахтлироқмиз. Бу, албатта, жуда муҳим.
У менга ташқи кўринишим анча яхшиланганини айтди. Руҳий жиҳатдан ҳам ўзимни аввалгидан анча яхши ҳис қиляпман. Ҳозир жуда яхши ҳолатдаман, деб ўйлайман.
Спиртли ичимликлардан воз кечиш овқатланиш тартибига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Менимча, ҳеч қачон ҳозиргидек соғлом овқатланмаганман.
Шунингдек, яна мунтазам машғулотлар ўтказишни бошладим. Буларнинг барчаси бир-бири билан боғлиқ.
Вазн ташлашнинг ўзи ҳам тери ҳолатига ижобий таъсир қилади. Алкоголдан воз кечиш эса умумий саломатлик учун ҳам фойдали", — деди Руни.