Бугун 23 июль, 2021 йил, жума

O'ZB

Андижонлик депутатлар Шавкат Мирзиёевга шикоят қилди

Андижонлик депутатлар Шавкат Мирзиёевга шикоят қилди

Халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашининг бир гуруҳ депутатлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиқишди.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати Жаҳонгир Жиянов мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётида ислоҳотларни амалга оширишда президент билан «елкама-елка» эканидан хурсандлигини билдирди. Шу билан бирга, у айрим мансабдор шахслар томонидан депутатларга босим ўтказилаётгани тўғрисида маълум қилиб, кенгашнинг «қонунлар ва қонун ости ҳужжатларига зид» қарорларидан норозилигини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, депутатлар яқинда бўлиб ўтган Андижон шаҳар кенгашининг 20-сессиясида депутат Шуҳратбек Каримовнинг дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан шикоят қилишди, бироқ бир неча кун ўтган бўлишига қарамасдан «ҳали ҳам натижа йўқ».

«Биз маҳаллий кенгашлар депутатлари дахлсизлиги қўпол равишда бузилаётгани эътиборсиз қолдирилаётганидан ўз эътирозимизни билдирамиз», — дея маълум қилди ва Олий Мажлис Сенатини сессия ташкил этиш қоидалари бузилгани сабабли кенгаш қарорини бекор қилишга чақирди.

У президентдан вазиятни назоратга олишни ва маҳаллий кенгаш депутатларининг дахлсизлигини кучайтиришни сўради.

Хўжаобод тумани кенгаши депутати Элёрбек Абдураимов Андижон шаҳар кенгаши ҳаракатларини «қонунга зид» деб ҳисоблайди. Унинг таъкидлашича, ушбу ҳолат нафақат Андижон вилояти, балки бутун мамлакат депутатларига тегишлидир.

Унинг сўзларига кўра, «прокуратура қонун устуворлигини таъминлаш учун масъул орган сифатида шаҳардаги ноқонуний ҳаракатларни танқид қилган депутатнинг дахлсизлигини бузган».

«Бундан кўриниб турибдики, қонунни ҳимоя қилувчи органларнинг ўзлари бутун республикаг ўрнак бўлиш ўрнига президент қарорларига, ҳукумат қарорларига қарши чиқаяпти, деб ўйлайман. Депутатга бўлган ҳурматсизлик, бу — халққа бўлган ҳурматсизликдир. Чунки бу депутатни халқ сайлаган, ҳар бир депутатнинг ортида халқ турибди», — деди у.

Депутат амалдорлар доими танқид қилинишига қарамасдан, уларнинг бирортасига чора кўрилмаётганини эслатиб ўтди. Лекин «оддий бир ватанпарвар депутат битта қилган эътирози учун дахлсизлигидан маҳрум бўлди», — деди Элдорбек Абдураимов.

«Сенат раиси [Танзила Нарбаева] томонидан маҳаллий кенгашларга жуда кўп эътироз бўлаяпти. Қанақа? Маҳаллик кенгашлар ишламаяпти. Ишлаганнинг оқибати бундай бўладиган бўлса, қайси маҳаллий депутат ишлаши мумкин? Мана шу ҳолатга, мана, 15 кун бўлаяпти, лекин биз сессияга нисбатан жиддий, ижобий муносабатни кўрганимиз йўқ», — деди у.

Андижон шаҳар кенгаши депутати Диёрбек Абдусаматовнингайтишича, сессия куни кенгаш раҳбариятига қонун бузилганлиги тўғрисида хабар берган, аммо «бирон бир киши қонун бузилишининг олдини олиш чораларини кўрмаган».

Асака тумани кенгаши депутати Саъдулла Эргашев ҳам Андижон шаҳар кенгаши сессиясининг «ноқонуний қарорини» бекор қилишни сўради.

Хўжаобод вилоят кенгаши депутати Баҳодир Сайдалиевнинг айтишича, Андижон вилоятининг барча туман кенгашлари Шуҳратбек Каримовнинг депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилинганидан норозилигини билдирган. Унинг фикрича, сессия «Андижон ҳокими ва прокурори сценарийси бўйича» ташкил этилган.

Шаҳрихон вилоят кенгаши депутати Мансур Раҳмонов депутатларнинг мурожаатини назоратга олишни сўради.

«Газета.uz» 17 май куни халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши прокурор таклифига биноан шаҳар ҳудудидан ноқонуний равишда ер участкаларини ажратиб беришга қарши чиқиб келган депутат Шуҳратбек Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилгани ҳақида хабар берган эди. Ушбу сессия давомида депутатлар тинтув қилиниб, телефонлари олиб қўйилган эди.

Адлия вазирлиги депутатларнинг тинтув қилиниши ва улар фаолиятига аралашув қонунга зид эканини маълум қилди. Шу билан бирга, Бош прокуратура Шуҳратбек Каримов ва унинг компаниясига нисбатан жиноят иши бўйича тўпланган материаллар уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этишга асос бўлиши таъкидлади.

21 май куни Андижон шаҳар прокурори Қурбонали Асқаров ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзди. Бош прокуратура уни ишдан кетишини шаҳар кенгаши сессиясидаги воқеалар билан боғлиқ эмаслигини айтди.

Сенат муносабати

18 май куни куни эса Сенатнинг маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ушбу ҳодисаларни ўрганишни бошлаганини эълон қилди.

Парламентнинг юқори палатасида «Газета.uz»га хабар қилинганидек, суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Чуллиев ва сенатор Фарҳод Бакиев бошчилигидаги қўшимча ишчи гуруҳ ҳудудга жўнаб кетди.

Шу куннинг ўзида Сенат сайтида баённома эълон қилиниб, унда тез кунларда махсус комиссия томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари юзасидан жамоатчиликка батафсил маълумот берилиши таъкидланди.

«Мурожаатда келтириб ўтилган важлар ўз тасдиғини топган тақдирда, қонунчиликка зид равишда қабул қилинган қарор Сенат томонидан ўрнатилган тартибда бекор қилиниши таъминланади», — дейилади хабарда.

Киритилди: 10:10 27.05.2021. Ўқилди: 4888 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!