Андижон вилояти, Хўжаобод тумани, «Имом ота» маҳалласида жойлашган Recosement заводи фаолияти вақтинча тўхтатилди, деб хабар берди вилоят Экология бошқармаси.
Қайд қилинишича, 13 сентябр куни ижтимоий тармоқларда заводнинг ҳавони ифлослантираётгани ҳақидаги видеомурожаат тарқалган. Шунга асосан Экология бошқармаси ходимлари ўрганиш ўтказган.
Ўрганиш давомида ҳудуддаги ҳавонинг сифати Ekolab ускунаси ёрдамида лаборатория таҳлилидан ўтказилган. Унинг натижалари хабарда келтирилмаган.
Таъкидланишича, завод фаолияти «соҳага оид камчиликлар бартараф қилингунга қадар» вақтинча тўхтатилган.