Бугун 28 сентябрь, 2024 йил, шанба

O'ZB

Андижонда узоқ йиллардан бери алимент тўламай, қочиб юрган эркак ижарадаги уйидан топилди

Андижонда узоқ йиллардан бери алимент тўламай, қочиб юрган эркак ижарадаги уйидан топилди

Андижон вилоятида узоқ йиллардан бери алимент тўламай, қочиб юрган эркак ижарадаги уйидан топилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Андижон шаҳрида яшовчи А.А. бир нафар фарзанди таъминотидан қочиб юрган. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси қидирув шуъбаси ходимларининг суриштирув-қидирув ҳаракатлари натижасида қарздор ота ижарадаги уйидан топиб келтирилди ҳамда маъмурий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилди.

Узоқ йиллардан буён фарзанди ҳолидан хабар олмаган ота тўланмай келинган жами 67 миллион сўм алимент қарзи билан бирга фарзанди вояга етгунигача ҳисобланадиган алимент пулларини олдиндан тўлашини билдирди.

Шу билан ижро ҳаракатлари давомида ундирувчи Х.Н. фойдасига алимент қарзи билан биргаликда олдиндан тўлов сифатида жами 7200 АҚШ доллари (90 миллион 720 минг сўм) қийматидаги пуллар ундириб берилиши таъминланди.

Алиментдан қочган оталар ҳақида

Наманган вилояти Чортоқ туманида алимент тўлашдан қочиб юрган эркак уй ертўласидан топилганди. Қарздор ота томонидан қарздорлик 20 миллион сўмдан ортган. Ишлаш мақсадида Тошкент шаҳрига кетгач, унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Ходимлар томонидан Тошкентдаги хонадон яшаш жойлари пухта кўздан кечирилганда, ертўлага яшириниб олгани аниқланган. Унга нисбатан 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Тошкентда учта хотинига алимент тўламаган эркакнинг қарзини 4-хотини тўлагани ҳақидаги ҳолат ҳам кузатилган. Шундан сўнг суд томонидан қарздорга нисбатан тўпланган ҳужжатлар қайта кўрилиб, етказилган зарар миқдори қоплангани сабабли 15 суткалик қамоқ жазосини тўлиқ ўтамасдан озод қилинган.

Сурхондарё вилояти Ангор туманида алимент тўламай, 2 йилдан буён қидирувда бўлган эркак уй ертўласидан топилган.

Шу каби Қашқадарёда МИБ ходими 2 йилдан бери қидирувда бўлган қарздор эркакни беркинаётган жойида топиб олган. Тадбир жараёнида ходимлардан бири уйнинг болохонаси ва томини текшираётган пайтда, иккинчи ходим йиқитилган кўрпалар тагидан фуқарони олиб чиқди.

Шу куннинг ўзида қарздор мавжуд 28 миллион 971 минг сўм алимент қарздорлигини тўламагани сабабли Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди томонидан Б.Бухаровга нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Шунингдек, Наманган вилояти Чуст туманида алимент тўлашдан қочиб юрган эркак Оҳангарондан топилган.Ўтказилган суҳбат мобайнида қарздорлик салкам 15 миллион сўмга етгани, уни бартараф этиш лозимлиги тушунтирилган. Қайд этилишича, у яна масъулиятни ҳис этмаган ва унга нисбатан жиноят иши юритилган.

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида эса алимент тўлашдан қочиб, уйининг ертўласида яшириниб юрган эркак ушланиб, 15 суткага қамалган.

Энг антиқа ҳолатлардан бири, Наманган вилоятида алимент тўламай юрган эркак бошқа хотинининг уйида яширингани аниқланган. Унда қарздорлик тўпланиб, 24,3 миллион сўмга бориб етган эди.

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида алимент тўламай қочиб юрган эркак Тошкентдаги молхонадан топилган. Вояга етмаган фарзандлари учун тўланмаган алимент миқдори 3 миллион 200 минг сўм экани айтилган.

Киритилди: 23:02 22.06.2024. Ўқилди: 1052 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!