Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 100 гектар майдонда "Андижон технопарк махсус иқтисодий зонаси"ни барпо этиш ишлари бошланди.
Ушбу йирик инвестиция лойиҳаси Хитойнинг “Zhongge Investment” компанияси ташаббуси билан амалга оширилмоқда. Куни кеча мазкур объектнинг тамал тоши қўйилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, маҳаллий фаоллар, соҳа мутахассислари ва инвесторлар иштирок этди.
Лойиҳа-смета ҳужжатларига кўра, 300 миллион долларлик мазкур технопарк ҳудудида шоурумлар, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш шохобчалари ва 51 та замонавий ишлаб чиқариш заводлари қурилади. Улар энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозланади.
Ушбу лойиҳа доирасида 82 турдаги қурилиш материаллари (михдан тортиб, том ёпишгача) ишлаб чиқариш режалаштирилган. Дастлаб йилига 60 миллион долларлик тайёр маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш йўлга қўйилади.