Бугун 29 март, 2024 йил, жума

O'ZB

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими 30 га яқин ҳолатда қонун талабларига зид ҳужжатларни имзолаган

Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими 30 га яқин ҳолатда қонун талабларига зид ҳужжатларни имзолаган

Андижон шаҳри собиқ ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев томонидан жами 30 та ҳолатда қонун талабларига зид қарор ва фармойишлар қабул қилинганлиги аниқланган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги муассислигидаги «Андижоннома» газетасининг 27 август сонида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессия якунлари бўйича чоп этилган расмий ахборотда маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, сессияда вилоят ҳокими, халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, сўзга чиққан, айнан шу сессияда Дилмурод Раҳматуллаев Андижон шаҳар ҳокими лавозимидан озод этилгани маълум қилинган эди. Маълумотларга кўра, Андижон шаҳрида кўплаб имкониятлар мавжуд бўлса-да ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича охирги йилларда жуда кўплаб камчиликларга йўл қўйилган.

Мавзуга доир: Ҳафта ижтимоий муаммолари: Давлатнинг жунига шахсий жунингни аралаштирма

2019 йилда умумий қиймати 5,7 триллион сўмлик 140 та лойиҳа дастурга киритилиб, 13 249 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бироқ лойиҳалар шаҳар ҳокимлиги томонидан қатъий назоратга олинмаганлиги сабабли 11 та лойиҳада қурилиш ишлари якунланмаган, 29 тасида ҳалигача ишлар бошланмаган, 3 та лойиҳанинг ер майдонлари эса ҳал этилмаган.

Вилоятда 2019 йилда 222,7 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш белгиланган бўлиб, кўрилган чора-тадбирлар натижасида январь—июль ойларида 160,5 миллион долларлик ёки йиллик режанинг 72 фоизи миқдорида ўзлаштирилган. Андижон шаҳрида эса бу кўрсаткич атиги 6,6 миллион долларни ёки йиллик ўзлаштирилиши зарур бўлган хорижий инвестицияларнинг 47 фоизини ташкил этган.

Шаҳар ҳудудида 406 та бўш турган объект аниқланган бўлиб, уларнинг 380 тасига таъсирчан солиқ механизми қўлланилган. Атиги 50 та объектда мулкдорлар томонидан истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилган холос.

1 август ҳолатига шаҳарда рўйхатдан ўтган 9 300 та кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларидан 4 877 таси ёки 52,4 фоизи фаолият кўрсатмаётганлиги аниқланган. 5 та кичик саноат зоналари ташкил этилган бўлса-да, уларда бир қатор муаммолар бартараф этилмасдан келмоқда.

Аҳоли бандлигини ошириш, ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш, ижтимоий ҳимояга олиш бўйича шаҳарда вазиятнинг ёмонлашиши кузатилган. Ишсизлик даражаси 9 фоизни ташкил этиб, 3,8 фоизга ёки ишсиз фуқаролар сони 8 366 нафарга кўпайган.

Шаҳар ҳокимлиги томонидан ижтимоий соҳалардаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича ҳам зарурий чоралар кўрилмаган. Жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасида муайян камчиликлар қайд этилган.

Андижон шаҳри ҳокими томонидан жами бўлиб 30 та ҳолатда қонун талабларига зид қарор ва фармойишлар қабул қилинганлиги аниқланган. Андижон шаҳри бўйича Президент виртуал қабулхонасига 2019 йилнинг шу кунигача келиб тушган мурожаатларнинг қарийб 40 фоизини такрорий мурожаатлар ташкил қилади.

Киритилди: 15:44 31.08.2019. Ўқилди: 1912 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

бир кунда ҳафтада бир ойда

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!