АҚШда ҳар йили ўтказиладиган “Burning man” фестивали арафасида Black Rock чўлига қум бўрони ёпирилди. Бу ҳақида маҳаллий нашрлар ёзмоқда.
Ноқулай об-ҳаво тадбир иштирокчиларининг лагерларига зарар етказган. Шамол тезлиги 80 км/соатгача етиб, қуриган кўл тубидан чанг кўтарилган. Кўриш масофаси эса 30 см гача қисқарган.
Финикс аэропортига ёпирилган қум бўрони сабаб барча парвозлар вақтинча бекор қилинди. Офат туфайли аэропорт электрсиз қолди, бўрон бинолар томининг бир қисмини ҳам учириб юборди.
Маълумот учун, “Burning man” фестивали ҳар йили АҚШнинг Невада штатидаги Black Rock чўлида ўтказилади. У август ойининг охирида бошланади ва сентябрнинг бошида тугайди. Тадбирда бутун дунёдан минглаб иштирокчилар ташриф буюришади.
Бундан аввалги тадбирларда ҳам об-ҳаво билан боғлиқ ноқулай вазиятлар юз берган. Хусусан, 2023 йилнинг 3 сентябрь куни “Burning man фестивалининг бир неча минг иштирокчиси кучли ёмғир сабабли саҳрода қолиб кетган.