Ўта қалтис вазиятда: «Биз сизга мусавий (Мусо алайҳиссаломга эргашганлар) Пайғамбарларига: “Эй Мусо, ўзинг Раббинг билан бориб кофирларга қарши жанг қилавер!” деган гапларини айтмаймиз, Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, биз: “Сиз ва Раббингиз жанг қилинг, бизлар ҳам сизлар билан бирга туриб жанг қилувчилармиз”, деймиз. Бизни бошланг, Аллоҳга қасамки, агар денгизга олиб борсангиз ҳам, сиз билан унга шўнғиймиз, Баркул Ғимотга бошласангиз ҳам, сизга эргашамиз», деб Набий алайҳиссаломга хайрихоҳлик билдирди.
Унинг Аллоҳ ва Расулига содиқлиги, итоати, оғир дамдаги кўмагидан Расулуллоҳ беҳад хурсанд бўлдилар.
Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу Исломга аввал кирганлардан. Абдуллоҳ ибн Масъуд ривоятига кўра, у Абу Бакр, Аммор, онаси Сумайя, Суҳайб, Билол розияллоҳу анҳумдан сўнг мусулмон бўлган. Бадр, Уҳуд ва барча бошқа ғазотларда Набий алайҳиссалом билан бирга қатнашди.
Насаби борасида ихтилоф бор. Бир қавлда: “Қузоа қабиласининг Баҳро уруғилик Миқдод ибн Амр ибн Саълаба” дейилса, бошқа бирида: “Кинда қабиласидан Ҳадромий”, яна бирида: “Қора қул эди”, деб келтирилган. Шуниси аниқки, Миқдод Маккадаги Бани Зуҳра ибн Килоб қабиласининг иттифоқдоши эди. Асвад ибн Абду Яғус ўғил қилиб олгач, уни: “Миқдод ибн Асвад” деб атай бошлаган. Қуръони каримнинг: “Уларни (асранди фарзандларни) ўз оталари (исми) билан чақирингиз. Шу Аллоҳ наздида адолатлироқдир. Бас, агар уларнинг оталарини билмасангиз, у ҳолда (улар) сизларнинг диний биродарларингиз ва дўстларингиздир…” (Аҳзоб сураси, 5-оят) ояти нозил бўлганда табаннийлик (фарзанд қилиб олиш) бекор бўлди. Бунинг натижасида Миқдод отасининг исми билан “Миқдод ибн Амр”, деб чақирила бошлади.
* * *
Миқдод Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Сўнг Маккага қайтди. Бироқ, айрим сабабларга кўра, Ясриб ҳижрати учун Набий алайҳиссаломга эргашолмади. Кейинроқ Убайда ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу раҳбарлигидаги сарияга келиб бирлашишга муваффақ бўлди. Воқеа бундай кечганди: “Ўшанда Икрима ибн Абу Жаҳл бошчилигидаги бир гуруҳ қурайшликлар мусулмонлар билан тўқнашди. Миқдод ва Утба ибн Ғазвон мушриклар сафида эди. Иккиси мусулмонлар билан жанг қилмай, аксинча улар сафига ўтиб олишди ва шу тариқа Ясрибга келишди. Мадинада Миқдод розияллоҳу анҳу Кулсум ибн Ҳадамнинг хонадонига келиб тушди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом уни Жобир ибн Сахр билан оға-ини тутинтирдилар. Сўнг Миқдодни Зибоа бинти Зубайр ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳо билан никоҳлаб қўйдилар”.
* * *
Ҳижратнинг иккинчи йили. Рамазон ойи. Набий алайҳиссалом: «“Менга Абу Суфённинг карвони ҳақида хабар келди. Олдига чиқсангиз, балки Аллоҳ унинг карвонини сизга ўлжа сифатида тортиқ қилар?” дедилар. Саҳобалар рози бўлиб, йўлга чиқишди.
Уч юз ўн уч саҳоба Шомдан қайтаётган Қурайшнинг минглаб туялари бор карвонига кўз тикиб турарди. Шу пайт саҳобаларнинг қалбига саросима солган хабар янгради: “Абу Суфён карвон йўлини ўзгартирди. Мусулмонлардан карвонни асраш учун қурол-аслаҳалар билан тайёргарлик кўрган экан”. Хаёлларида бир ўй айлана бошлади: “Биз жангга тайёр эмасмиз”.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом одамларни тўплаб: “Менга маслаҳат беринглар”, дедилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу туриб, яхши гапирди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам фикрини айтди. Ўшанда Миқдод ибн Асвад Пайғамбар алайҳиссаломнинг қошларига келди ва: «Биз сизга мусавийларнинг: “Сен ўзинг Раббинг билан бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар”, деган гапларини айтмаймиз. Асло! Қавмингиз ҳеч қачон тарқалиб кетмайди. Балки ўнг томонингизда ҳам, чап томонингизда ҳам, ортингизда ҳам, олдингизда ҳам туриб жанг қилади. Душманингиз билан курашади, динингизни, Раббингизнинг шариатини ҳимоя қилади”, деди. Қалби имон билан тўлган кишининг ушбу сўзларидан Набий алайҳиссалом беҳад қувондилар».
Набий алайҳиссаломнинг: “Менга маслаҳат беринглар”, деб айтганларида Миқдод розияллоҳу анҳу ансорларни назарда тутганларини билганди. Ансорлар у зотга мувофиқ келмай қолишидан қўрқаётган эди. Чунки улар олдин фақат у зотни ўлдиришга қасд қилганларга қарши ёрдам беришга байъат беришган. У зот алайҳиссалом билан бирга душманга қарши жанг қилишга келишишмаганди. Шу вақт Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сизга буюрилган ишингизда бардавом бўлаверинг, биз сиз билан биргамиз”, деди.
Ушбу воқеанинг гувоҳи бўлган Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Миқдод айтган гапни айтишни орзу қилди ва: “Бошқа нарсаларнинг эвазига бериладиган ажрларнинг ўрни бу каби ҳолатга тенг кела олмас”, деб қасам ичди. Зеро, Ибн Масъуд Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг мамнуниятлари ва Миқдодга ҳурматларини кўрганди. Шу сабабдан ҳам бу манзарани улуғ санаб, юқоридаги гапни айтди.
Саҳобалар Бадрда ғолиб бўлиб, катта ўлжаларни қўлга киритишди.
Миқдод ибн Асвад ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Эй Аллоҳнинг расули, айтинг-чи, агар бирор кофирга йўлиқиб, у билан уришсам ва у қиличи билан бир қўлимни кесиб ташласа, кейин дарахтга яшириниб: “Аллоҳ учун мусулмон бўлдим”, деб айтса, шундай деганидан кейин ўлдиришга ҳақлиманми?” деб сўрадим. У зот алайҳиссалом: “Ўлдирмагин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, бир қўлимни кесиб, сўнг мусулмон бўлдим, деб айтган-ку”, дедим. Набий алайҳиссалом: “Ўлдирмагин. Агар ўлдирсанг, у ўлдирилишидан олдинги сенинг мавқеингда, сен эса унинг бу сўзни (яъни, Исломга кирдим) айтганидан олдинги мавқеида бўласан”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Миқдод ибн Асвад ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссалом бундай марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло менга тўрт кишини яхши кўришга буюриб, Ўзи ҳам уларни яхши кўришининг хабарини берди. Улар: Али, Абу Зарр, Миқдод ва Салмон» (Имом Термизий ривояти).
Миқдод ибн Асваддан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жубайр ибн Нуфайр, Абдураҳмон ибн Абу Лайло, Ҳамом ибн Ҳорис, Убайдуллоҳ ибн Ади ибн Хиёр ва бошқалар ҳадис ривоят қилишди.
Миқдод ибн Асвад Миср фатҳидан сўнг 70 ёшида вафот этди.
“Манҳалул ҳадис”, “Фатҳул Борий” ва бошқа манбалар асосида Тошкент ислом
институти талабаси Мунаввара НИЁЗАЛИЕВА тайёрлади.
Manba: hidoyat.uz