Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги «Ўзенергоинспекция» томонидан нефть маҳсулотларини етказиб бериш ва уларни сотувга чиқарилиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида бир қатор АЁҚШларда қоидабузарликлар аниқланди.
Хусусан, Бухоро тумани «Шергирон» МФЙда жойлашган «Э.Н.М.» МЧЖга қарашли АЁҚШ ўрганилганда жорий йилнинг октабр ойи бошида фаолияти тўхтатилганлигига қарамасдан, 10-, 16-, 18-октабр кунлари давомида жами 11,3 тонна АИ-80 русумли автобензин биржа орқали харид қилиниб, шохобчага туширилмасдан харидорларга сотилмаганлиги аниқланди.
Бу каби ҳолат Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Д.О.П.» МЧЖга қарашли шохобчада ҳам кузатилиб, 19 931 литр миқдордаги АИ-80 русумли автобензин асоссиз сотмасдан сақлаб турилганлиги ҳамда 20 та 10 литрлик ностандарт елим идишларда жами 200 литр миқдордаги автобензин шохобча ҳудудида сақланаётганлиги маълум бўлди.
Шунингдек, Хоразм вилояти Боғот туманидаги 5 та АЁҚШда яъни «С.О.757» МЧЖ, «О.Х.» МЧЖ , «Б.О.Х.» МЧЖлар ҳамда «С.» ва «Ш.» хусусий корхоналарга қарашли АЁҚШларда АИ-80 русумли автобензин нархи асоссиз оширилган ҳолда сотилаётганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан қоидабузарликка йўл қўйган ушбу АЁҚШларда камчиликлар бартараф этилгунга қадар биржа савдоларида иштирок этиши вақтинча тўхтатилди.