Тараққийпарвар адиб Чўлпон “Адабиёт яшаса - миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас”, деганда биринчи ўринда сиз адабиёт муаллимига қарата айтмаган эдими?!. Нега бефарқсиз, нега бепарвосиз?!
Баъзан мактаб тадбирларида иш юзасидан, ижодий учрашувларда иштирок этишга тўғри келади. Шунда адабиёт ўқитувчиларидан улар бугунги адабий жараён билан қанчалик танишлиги ва қайси ёзувчиларнинг асарини ўқиб бораётганлиги билан қизиқаман. Жавоблар ҳар доим мени ҳайратга солган. Сиз ҳам эшитсангиз ҳайратланишингиз аниқ. Адабиёт ўқитувчилар, ҳаммаси эмас, жуда кўпчилиги бугунги давр адабий жараёнидан бехабар, бу ҳақида ҳеч нарса билмайди, фақат дарслик билан чекланиб қолгандек назаримда.
Ҳатто Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султонни ва унинг асарларини билишмайди. Исажон Султон халқ ёзувчиси даражасига чиққунча озмунча заҳмат чекканми, қанчалаб асарлар ёзган. Телевиденияда, матбуот ва ижтимоий тармоқларда мунтазам чиқиб фикрини билдириб турганку ахир. Наҳот шундай фидоийликни ўқитувчилар унутиб қўйган бўлса.
Тушунаман, китоб мутолааси кўнгил хоҳиши билан боғлиқ юмуш. Албатта, ҳеч ким бировни китоб ўқишга мажбурлай олмаймиз. Аксинча, мутолаага даъват эта оламиз холос. Бу қанчалик зарурлигини англаш учун француз адиби ва педагоги Эдуар Лабуле: «Тараққиётнинг умумий кўламида ҳар бир халқнинг ўрни ўша халқ ўқиётган китобларнинг сони билан белгиланади», – деган фикрига таянадиган бўлсак, келажак ва тараққиёт учун қанчалик ҳиссангиз катталигини англагандирсиз. Хўш, ёшларга китобни ким ўқитади?! Ким уларни қизиқтиради?!
Ўзингиз ўйланг, давримизнинг энг машҳур адиблари Улуғбек Ҳамдам, Абдуқаюм Йўлдош, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон кабиларни ижодини билмай туриб қандай қилиб адабиётдан дарс бериш мумкин?! Улуғбек Ҳамдамнинг телевидения орқали ўткир чиқишларини бошқа соҳа ходимлари диққат билан эшитганига гувоҳ бўлганман. Наҳот, айнан шу соҳанинг ҳақиқий эгаси бўлган адабиёт ўқитувчилари тингламаса. Билмаса-я?!.
Кўп эшитаман, ўқитувчилар мунтазам ойлик малака оширишларда, қисқа ўқув машғулотларида қатнашаётганини ёки аттестацияга тайёргарлик кўраётганини айтишади. Улар нимани ўрганган малакада, аттестацияга тайёрланганда бугунги адабий жараён ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқми?!
Мактабларга “Ёшлик”, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” журналлари ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси етиб бормайдими?!
Сиз ўзингиз адабиёт ўқитувчиси бўла туриб, ўқувчиларни адабиётга қизиқтира олмасангиз, бугунги адабий жараён билан таниш бўлмасангиз, қандай қилиб дарс ўтасиз?!
Ёки қоғозларга кўмилиб қолганми улар?! Дарсликдан ташқари ўқишдан қачон воз кечилди?!
“Бадиий адабиётсиз алоҳида бир инсон ҳам, бутун миллат ҳам юксала олмайди. Адабиёту санъатдан йироқ одам фақат қорин ташвишини чекадиган яратиққа айланади. Интеллекти юксак, туйғулари бой улусгина қудратга эга бўлади, қадр топади”, - дейди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев.
Машҳур адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт муаллими” ҳикоясини кўпчилигингиз ўқигансиз. «Нафис адабиёт муаллими» ўртоқ Боқижон Бақоев каби ўқувчиларни “практикум, минимум, максимум; Детирдинг, Стендинг, Шеллинг, Меринг, Демпинг…”, - деб бошини қотирасизми?! Ўқимаганингиздан кейин нимаям дея олардингиз.
Эҳтимол саволларим кўпайиб кетгандир. Лекин қачондир ечим топиш фурсати келгандир.
Нима қилмоқ керак?! Нима қилсак, адабиёт ўқитувчиси китоб ва адабий жараёнга билан яқиндан танишади?! Бунга қандай ечим топамиз? Балки соҳага алоқадор мутассадилар эътибор қаратар?!
Айтинг, азиз адабиёт муаллимим, ўқимасликка, изланмасликка қачон ечим топамиз!!!
Дўстбек СУЛАЙМОНОВ