Афғонистон ва Покистон чегара кучлари ўртасида қуролли тўқнашувлар юз берди.
TOLO News телеканали хабарига кўра, тахминан соат 1.30да Покистон кучлари Афғонистоннинг Покистон билан чегарадош Хост вилоятидаги Алишер туманига ракета ҳужуми уюштирган. Афғонистоннинг жавоб ҳаракатларидан сўнг ҳарбий можаро авж олди ва маҳаллий вақт билан соат 5.00гача давом этди.
Тўқнашув натижасида кўплаб оилалар уйларини тарк этишга мажбур бўлди, ҳалок бўлганлар ва ярадорлар ҳақида маълумот йўқ.
24 декабрь куни Покистон ҳарбий самолётлари "Покистон Толибон лагерларини нишонга олгани"ни айтиб, Афғонистоннинг Пактика вилоятининг айрим чегарадош ҳудудларига ҳаво ҳужумларини амалга оширди.
Ўз навбатида, Афғонистон ҳукумати ўз баёнотида ушбу ҳужумлар натижасида камида 46 тинч аҳоли жароҳатланганини, уларнинг аксарияти болалар ва аёллар эканлигини таъкидлади.
Ушбу ҳужумларга жавобан афғон кучлари 28 декабрь куни Покистон ҳудудига ҳужум қилиб, 19 нафар покистонлик аскарни ўлдирганини даъво қилди.