Бугун 27 ноябрь, 2026 йил, жума

O'ZB

Афғон тозиси Саманта люкс брендлар моделига айланди

Афғон тозиси Саманта люкс брендлар моделига айланди

Chanel либослари, Jimmy Choo пойабзаллари ва Vogue фотосессияси. Тўрт ёшли афғон тозиси Саманта мода оламида ўзига хос юлдузга айланди. У Jimmy Choo, Hugo Boss каби машҳур люкс брендлар учун модель сифатида суратга тушмоқда. Instagram ижтимоий тармоғида эса унинг юз минглаб кузатувчилари бор.

Самантанинг модельлик фаолияти кутилмаган тарзда бошланган. Ҳали кучукча пайтидаёқ у жуда баланд бўйли ва нозик қоматли бўлиб ўсгани сабабли, оддий итлар учун мўлжалланган кийимлар унга мос келмаган. Шунда унинг эгаси Бетани Плеври ўзига тегишли кийимларни тўрт оёқли питомецга кийдириш ғоясини илгари сурган. Шу тариқа Саманта хўжайинининг гардеробидан шарф ва водолазкалар кийиб, мода оламидаги илк қадамларини қўйган.

Саманта тўрт ойлик бўлганида Бетани унинг номидан Instagram саҳифасини очган. Дастлаб у кучукчанинг шунчаки ёқимли суратларини дўстлари билан бўлишишни истаган. Бироқ икки йил ўтиб, Саманта Jimmy Choo брендининг реклама кампаниясида иштирок этишга таклиф қилинган. Кейинчалик Hugo Boss, Tommy Hilfiger ва Acqua di Parma каби брендлар билан ҳам ҳамкорлик қилган.

Chanel, Hermès ва Vogue муқовасидаги юлдуз

Саманта карьерасининг энг юқори чўққиси АҚШнинг Vogue журнали учун ўтказилган фотосессия бўлди. Нашрнинг ҳар йили чоп этиладиган Dogue махсус сони энг замонавий кўринишдаги уй ҳайвонларига бағишланади.

Фотосессия учун Самантага Chanel брендининг дизайнерлик кийимларидан иборат гардероб тақдим этилган. Унинг эгаси суратга олиш жараёнида фойдаланилган либосларнинг умумий қийматини тахминан 100 минг фунт стерлингга баҳолаган.

Самантанинг шахсий гардероби ҳам анча бой. Бироқ ундаги барча кийимлар янги эмас: Бетани дўстларидан либосларни вақтинча олади ёки секонд-хенд дўконларидан харид қилади. Ҳатто унинг дугонаси Саманта аввал фотосессияда кийган кўйлакни тўй маросимида ҳам кийган.

Дизайнерлик кийимлари нафақат безак, балки ҳимоя воситаси ҳам

Албатта, барча ҳам итларни дизайнерлик кийимларида кўришни маъқулламайди. Ҳайвонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчилар уларни мода аксессуарига айлантиришдан огоҳлантиради. Чунки кийимлар ҳайвонларда стресс келтириб чиқариши, ҳаракатланишини чеклаши ёки терида таъсирланиш пайдо қилиши мумкин.

Бироқ Саманта ҳолатида кийимлар нафақат ташқи кўриниш, балки соғлиқни ҳимоя қилиш вазифасини ҳам бажаради. Афғон тозилари нозик тана тузилиши, тери ости ёғ қатламининг камлиги ва жуда юпқа жуни билан ажралиб туради. Шу сабабли улар совуқ, ёмғир ва шамолда тез музлайди. Бундай шароитда махсус ит кийимлари уларни совуқдан ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Самантанинг эгаси Бетани таъкидлашича, Chanel кўйлаклари, Jimmy Choo туфлилари ва қуёшдан ҳимоя қилувчи кўзойнаклар фақат фотосессиялар вақтида кийдирилади.

Киритилди: 23:00 26.11.2026. Ўқилди: 363 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар