Россия Федерацияси Адлия вазирлиги қўшиқчи Алла Пугачевани «чет эл агентлари» деб номланган реестрга киритишга рухсат берувчи маълумотга эга эмас. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Давлат думаси депутати Алексей Журавлев сўровига расмий жавобида айтилади. Ҳужжат суратлари 29 июл, душанба куни Ксения Собчакнинг Telegram-каналида эълон қилинди. Шу билан бирга, жавобда «Агар Пугачеванинг ҳаракатларида чет эл агенти белгилари аниқланса», Адлия вазирлиги уни реестрга киритиш масаласини кўриб чиқиши таъкидланади.
Давлат думаси Мудофаа қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Алексей Журавлев 9 июл куни Адлия вазирлигига Пугачевани «чет эл агенти» деб тан олиш илтимоси билан мурожаат қилди. Депутат қўшиқчини «ноқонуний ҳаракатларда» айблади. Бундан ташқари, Журавлев артистни Россия Федерациясининг ҳарбий фаолияти ҳақида маълумот тўплашда айблади.
Аввалроқ, 9 июл куни Пугачева Instagram ижтимоий тармоғида Киевдаги «Охматдет» касалхонасига ракета тушиши натижасида жароҳатланган боланинг сурати туширилган постни эълон қилган эди. «Худо сабрли, лекин ҳамма нарсанинг чегараси бор», деб ёзган Пугачева сурат остида.
Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужумидан сўнг Алла Пугачева ва унинг эри Максим Галкин Россиядан Исроилга жўнаб кетишди. Галкин 2022 йилда «чет эл агенти» сифатида тан олинган.