Тошкент шаҳри, Жиноят ишлари бўйича Яккасарой судида Аброр Мухтор Алий номи билан танилган фуқаро — Аброр Абдуазимовга нисбатан журналист Никита Макаренконинг берган аризаси юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда журналист Никита Макаренко ўзининг Телеграмъдаги саҳифасида xaбар қилди.
Журналистнинг ёзишича, у ўзининг аризасида Аброр Мухтор Алий унга нисбатан таҳдид, туҳмат ва ҳақоратомуз хабарлар тарқатилиши юзасидан чора кўришини сўраган.
Судья Аброр Абдуазимовни МЖтКнинг 202-2-моддаси биринчи қисми билан шахс қадр-қимматини камситишга ёки унинг обрўсини камситишга олиб келадиган ёлғон маълумотларни тарқатганликда айбдор деб топди. У маъмурий жавобгарликка тортилди.
Аброр Муҳтор Алий мазкур иш юзасидан берган муносабатига кўра, суд унга нисбатан БҲМнинг 20 баравари (6 млн сўм) миқдорда жарима тайинлаган.
"Никита Макаренкони Никита-ой деган жумла билан ёзганим учун унинг йўқ обрўси тўкилган деб топилди. Суд менга 6 млн сўм жарима тайинлади. Биз Никита Макаренкога қаршимиз. Унг нисбатан Ўзбекистонда "кетпараслик"нинг тарғиботи билан шуғулланаётганлиги, миллатнинг дарди ва ғами уларнинг қалбида эмаслиги ҳақида гапирган эдик. Шу сабаб маъмурий жавобгарликка тортилдик", - дейди Аброр Муҳтор Алий.
Макаренконинг сўзларига кўра, судя ҳақоратли сўзлар мавжудлиги сабабли ишни жиноят иши таркибига ўзгартириш тўғрисидаги илтимосномани қаноатлантирмаган.