"Манчестер Сити" бош мураббийи Хосеп Гвардиола матбуот анжуманида клуб мухлисларига хушхабар билан ўртоқлашди. Ҳимоячи Жон Стоунс жароҳатидан қутилиб, сафга қайтди ва ўйинга тайёр. Стоунс охирги марта ўтган йилнинг 2 декабрь санасида майдонга тушган эди.
"Стоунс сафга қайтди. Унинг ҳолати яхши, деб айта оламан", — деди Гвардиола журналистларга.
"Манчестер Сити" ҳозирда Англия чемпионати турнир жадвалида иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Пешқадам "Арсенал" улардан олти очко кўпроқ жамғарган. Олдинда яна 13 та тур мавжуд.
Хосеп Гвардиола ҳозирда жамоани Премьер-лига доирасидаги "Фулхэм"га қарши уй учрашувига тайёрламоқда. Ушбу баҳс чоршанба куни, 11 февраль (Тошкент вақти билан 12 февралга ўтар кечаси) бўлиб ўтади.