Жорий йил апрель ойида бир гуруҳ киноижодкорлар соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга мурожаат қилган эди.
Мурожаатда кўтарилган масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ва бамаслаҳат ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазири мамлакатимиз кино мутахассислари билан учрашди.
Тадбирда сўзга чиққан қатор киноижодкорлар ижодий фаолияти давомида дуч келаётган айрим муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Хусусан, кейинги вақтларда ғоя ва савия жиҳатдан саёз фильм ва сериаллар нисбатан кўпайди, уларда адабий тил қоидаларига айтарли риоя қилинмаётир, кинотеатрлар суст фаолият юритмоқда, дубляж санъати ривожига эътибор йўқолган, мультипликацион ва анимацион фильмлар яратиш талаб даражасида эмас, яратилган фильмларнинг тарғиботи айтарли йўлга қўйилмаган. Шу сингари камчиликлар соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган давра суҳбатида билдирилган таклифларни амалга ошириш, соҳадаги баъзи муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун барча киноижодкорлар бир ёқадан бош чиқариб, бамаслаҳат ишлаши лозимлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Матбуот хизмати