Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) Бош директори Гретел Агилар билан учрашув ўтказди. Учрашувда Ўзбекистон 2021 йилда IUCNга аъзо бўлганидан буён ҳамкорлик барқарор ва конструктив тарзда ривожланиб бораётгани қайд этилиб, Марказий Осиёда биринчи ҳисобланган IUCN офисининг айнан Ўзбекистонда очилишига алоҳида эътибор қаратилди. Бош вазир Халқаро Табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи офиси учун Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети ("Green University")нинг танланиши офис вакилларининг илмий жамоатчилик билан яқиндан алоқа ўрнатиши ҳамда талабалар, ёш олим ва тадқиқотчиларни Иттифоқ фаолиятига жалб этишда айни муддао бўлишини таъкидлади.
Шунингдек, IUCN офиси табиатни муҳофаза қилиш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш, Ўзбекистоннинг ноёб ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастрни юритишда халқаро стандартларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатимиздаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг “Халқаро Яшил” сертификатини олиш жараёнида самарали воситага айланишига ишонч билдирилди.
Ўз навбатида Гретел Агилар IUCNнинг Марказий Осиёдаги офисини очишдаги қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон томонга самимий миннатдорчилик билдириб, бу ҳар томонлама манфаатли ва устувор қарор эканини таъкидлади.
“Ўзбекистон IUCNга аъзо бўлганидан буён мамлакат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгаришига қарши кураш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида салмоқли ютуқларга эришди — бу алоҳида эътирофга лойиқ. Биз минтақадаги фаолиятимизни фаоллаштириш учун Ўзбекистонни асосий дарвоза сифатида кўрмоқдамиз”, — деди IUCN Бош директори.
У, шунингдек, мамлакатимизнинг фаол ташқи сиёсати ва Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар фонида Ўзбекистон IUCNнинг муҳим ҳамкорига айланиб бораётганини таъкидлади.
Г.Агиларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги офис ҳам мамлакат ичида, ҳам кенгроқ минтақавий контекстда лойиҳаларни амалга оширишда муҳим роль ўйнайди. Мутахассисларни амалий тайёрлаш, ёш мутахассислар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш идоралари ходимларининг илмий алмашинуви ва амалиётини ўташга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Учрашувда томонлар ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кадастри, табиатга йўналтирилган ечимлар ва биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича қўшма лойиҳалар яратиш, "Green University" билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган муҳим халқаро тадбирларда иштирок этишга келишиб олишди.