Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги мамлакатимиз ҳукумати делегацияси расмий ташриф билан Эрон Ислом Республикасида бўлиб турибди.
Амалий учрашув ва мулоқотлар ташриф дастурига мувофиқ, 11-12 май кунларига белгиланган.
Бугун, 11 май куни Теҳрон шаҳридаги “Саъдобод” мажмуасида Ўзбекистон Бош вазири ҳамда мезбон мамлакат Биринчи вице-президенти Муҳаммад Ризо Ореф бошчилигидаги ҳукуматлар делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Давлатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳар томонлама ривожланиб бораётгани, бунда айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён ўртасида мунтазамлик касб этаётган самимий мулоқотлар муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Томонлар ушбу учрашув ҳамкорликнинг янги йўналишларини белгилаб олиш учун қулай имконият эканини қайд этиб, икки томонлама товар айирбошлаш ҳажмини истиқболда Президентларимиз белгилаб берган 2 миллиард долларга чиқариш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.
Хусусан, транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун мазкур йўналишда кўп йиллардан буён ўз ечимини кутаётган муайян масалаларни зудлик билан ҳал этиш юзасидан саъй-ҳаракатларни бирлаштириб, аниқ амалий чораларни кўриш лозимлиги қайд этилди.
Шунингдек, томонлар саноат кооперациясини ривожлантириш, мамлакатларимиз ҳудудлари аро алоқаларни фаоллаштириш, илм-фан, таълим, технология ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, шу билан бирга, туризм, маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш муҳим эканини билдирдилар.
Олий даражада эришилган келишувлар ижроси ўз вақтида таъминланишида тегишли вазирлик ва идоралар янада фаол ишлашлари лозимлиги айтилди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Эрон ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича 2025-2027 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси", Имтиёзли савдо Битимининг товарлар рўйхатини тасдиқлаш баённомаси, Ўсимликлар ҳимояси ва карантини соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандуми, Ҳалол стандарт соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув меморандуми имзоланди.