Перунинг Andina агентлигининг хабарига кўра, CNN маълум қилишича, 61 ёшли перулик балиқчи Максимо Напа Кастро Тинч океанида 95 кун бўлганидан сўнг тирик ҳолда топилди.
Напа Кастро 7 декабрь куни Перу жанубидаги Маркон шаҳридан қайиқда океанга чиқди, лекин ёмон об-ҳаво туфайли йўлдан адашиб, 11 мартгача океанда сузиб юрди. Охир-оқибат уни Эквадорлик балиқчилар кемаси топиб олди.
Қутқарилгандан сўнг, балиқчи омон қолиш учун ёмғир сувини тўплаб, қўлга тушган ҳашаротлар, қушлар ва тошбақалар билан озиқланганини айтди. Сўнгги 15 кун давомида эса ҳеч нарса емаган экан. Напа Кастро топилганда, у жуда сувсизланган ва оғир аҳволда эди.
Кастро оиласи ҳақидаги ўйлар унга омон қолишга куч берганини айтди: "Ўзимга, онам учун ўлишни истамайман, деб такрорлардим. Эндигина бир неча ойлик набирам бор, у учун яшашим керак. Ҳар куни онамни ўйлардим".
CNN хабар беришича, балиқчининг қариндошлари ва дўстлари уч ой давомида уни излашдан тўхтамаган. Напа Кастро қутқарилганидан сўнг, унинг қизи отасини қутқарганлари учун "эквадорлик биродарлар"га алоҳида миннатдорчилик билдирди.