– Нукус шаҳар 3-сон оилавий поликлиникада ишловчи 33 нафар ходимнинг рейтинг баҳолаш тизими орқали тўланадиган ойлик фоизли устамалар тўланмаётганлигидан норозилигини билдирган мурожаати келиб тушди, – дейди Нукус шаҳар адлия бўлими бошлиғи Оралбай Джуманиязов.
– Мурожаатда кўрсатилган масалага аниқлик киритиш мақсадида ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам ходимларнинг 78 миллион 420 минг 654 сўм миқдоридаги устама пули тўланмаётганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 252-моддасида рағбатлантирувчи хусусиятга эга тўловлар қаторига устамалар ҳам кириши белгиланган. Устама ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган иш бажарилганлиги учун амалга ошириладиган ва рағбатлантирувчи (касбий маҳорат, узоқ муддат хизмат қилганлик, муайян ташкилотдаги ёки тармоқдаги иш стажи учун устамалар ва бошқалар) ёхуд компенсация хусусиятига эга пул тўлови эканлиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 21-моддасида ходимнинг ҳуқуқлари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ, ходимлар ўз малакасига, меҳнатнинг мураккаблигига, бажарилган ишнинг миқдори ва сифатига мувофиқ ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга. Ушбу кодексининг 25-моддасида эса, иш берувчининг мажбуриятлари белгиланган бўлиб, унга мувофиқ, ходимларга берилиши лозим бўлган иш ҳақини ушбу Кодексга, жамоа шартномасига, ички меҳнат тартиби қоидаларига, бошқа ички ҳужжатларга, меҳнат шартномаларига мувофиқ белгиланган муддатларда тўлиқ ҳажмда тўланиши шартлиги белгиланган.
Шу боис, қонунчилик талабларига асосан тўланмаётган устама пулларни ундириб бериш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суд қарори билан Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан ходимларнинг устама пуллари тўлаб берилиши белгиланди.