Қонун бор, тақиқ бор, лекин барибир яширин айланмадан соққа қилиш илинжида юрган "уддабуронлар" тўхтамаяпти. Божхона қўмитасининг расмий рақамларига қаранг: жорий йилнинг 6 ойида тамаки ва электрон сигареталарнинг ноқонуний айланмаси бўйича 759 та ҳолат фош этилган.
Натижада жами қиймати 48,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар олиб қўйилган. Бу жуда катта яширин бозор тугатилди дегани. Бундан ташқари, айнан никотинли снюс маҳсулотлари бўйича 185 та ҳолат аниқланиб, 4,2 миллиард сўмлик 58 минг 403 қути заҳар мусодара қилинган.
Ҳаммасидан ҳам одамни ҳайратга соладигани қонунни умуман писанд қилмай, бу ишга қайта қўл урган 15 нафар фуқаронинг қилмиши бўлди. Уларнинг 7 нафарига нисбатан тўғридан-тўғри жиноят ишлари қўзғатилган.
2025 йил 27 ноябрда қабул қилинган Қонунга биноан, никотинли снюслар ва тамакини қиздириш тизимларини ноқонуний муомалага киритиш, ишлаб чиқариш, электрон сигареталарни олиб кириш ёки олиб чиқиш бутунлай тақиқланган. Бунинг учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик бор.