Бу тартиб Ҳукуматнинг 19 октябрдаги 577-сон қарори билан белгиланди.
Фаолият юритиш ҳуқуқи беш йилга берилади. Уни давом эттириш учун ходимлар ҳар беш йилда қайта рўйхатдан ўтади. Ваколатли орган – Тиббиёт ва фармацевтика ходимларининг малакасини баҳолаш маркази.
2027 йил 1 июлдан 2030 йил 1 январгача рўйхатдан ўтиш ихтиёрий бўлади. Бу махсус имтиҳон натижалари асосида ёки малака тоифасини бериш жараёнида автоматик равишда амалга оширилади.
Мутахассислиги бўйича камида 20 йиллик иш стажи ва илмий даражаси бор ходимлар махсус имтиҳонсиз рўйхатдан ўтказилади. Бироқ мурожаат санасига қадар мутахассислиги бўйича уч йил ёки ундан ортиқ вақт давомида узлуксиз ишламаган ходимларга бу истисно татбиқ этилмайди.
Аризалар Давлат хизматлари марказлари, Ягона портал ёки Тиббий малака платформаси орқали қабул қилинади. Талабгорни махсус имтиҳонга қўйиш ёки қўймаслик ҳақида беш иш кунида қарор қабул қилинади.
Гувоҳнома фақат электрон шаклда берилади ва ягона электрон реестр орқали текширилади.
Қарор расмий эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради.