2026 йилнинг биринчи ярмида Россия ҳокимияти мамлакатдан 43 700 нафар хорижий фуқаро ва фуқаролиги бўлмаган шахсни чиқариб юборди. Бу ҳақда «Ведомости» нашри Федерал суд приставлари хизмати матбуот хизмати маълумотларига таяниб хабар қилди.
2025 йилнинг биринчи ярми билан таққослаганда, бу кўрсаткич 65,5 фоизга ошган. Ўша даврда мамлакатдан 26 400 нафар киши депортация қилинган эди.
Нашрнинг эслатишича, 2025 йил февралидан бошлаб Россияда Ички ишлар вазирлигига чет эл фуқароларини суд қарорисиз мамлакатдан чиқариб юбориш ваколати берилган.
Бундай қарорни ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, миграция масалалари бўйича таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласини назорат қилиш бўлинмалари раҳбарлари қабул қилиши мумкин.