Президент фармонига мувофиқ, 2026-йил 1-январдан бошлаб:
▫️давлат хизматга биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижасига кўра меҳнат шартномаси номаълум муддатга узайтирилади;
▫️давлат хизматга биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий "Давлат хизматига кириш" махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир марта малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади;
▫️диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникациявий малакаси, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагностикаси ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади;
▫️диагностика ва фаолият самарадорлиги (KPI) натижалари Ходимларнинг касбий компетенцияларини ривожлантиришни узлуксиз онлайн мониторинг қилиш тизимида йиғилади ва таҳлил қилинади;
▫️Мониторинг тизими таҳлили натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси – портфолиоси яратилади;
▫️касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган "юмшоқ" ва "қаттиқ" кўникмалар бўйича мажбурий малака ошириш, шу жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди;
▫️вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировка билан боғлиқ ишлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.