Бугун, 26 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда, жумладан, «2025-йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат буджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасининг концепцияси юзасидан Бош вазир ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров маъруза қилди.
Вазирнинг таъкидлашича, 2025 йил учун Давлат буджети тўғрисидаги қонун лойиҳасида давлатнинг фуқаролар олдидаги барча ижтимоий мажбуриятларини бажариш учун етарли миқдорда маблағ ажратилган, шу жумладан иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш ҳамда инфляция даражасидан кам бўлмаган миқдорда ошириб бориш кўзда тутилган.
Лойиҳада аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш учун Давлат буджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолинмоқда.
Хусусан, камбағалликни қисқартиришга жами 20 трлн. сум маблағ ажратилмоқда. Ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағларнинг манзиллилигини кучайтириш ва самарадорлигини таъминлашга қаратилган чоралар лойиҳада ўз аксини топган.