Президент фармони билан 2025 йил 1 сентябрдан иш берувчилар учун белгиланган қуйидаги талаблар бекор қилинади.
🔹 бўш иш ўринларига бандлик органлари томонидан юбориладиган шахсларни ишга қабул қилмаганлик учун маъмурий жавобгарлик;
🔹 бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисидаги ҳисоботларни мажбурий тақдим этиш.
2025 йил 1 ноябрдан хўжалик юритувчи субъектлар қуйидаги шахслар учун иш ўринларининг мажбурий захираларини шакллантиради:
— ногиронлиги бўлган шахслар;
— оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахслар;
— Камбағал оилалар реестридаги оилаларнинг аъзолари;
— муқобил жойлаштириш шаклларида тарбияланган етим шахслар;
— ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган шахслар.
Бунда мажбурий захиралаш:
🔹 ходимлар умумий сонининг 3 фоизидан ошмаслиги зарур;
🔹 ходимлари сони 100 нафардан ортиқ бўлган ташкилотларга нисбатан қўлланади.
❗️ Шунингдек, 2025 йил 1 ноябрдан ишсизлик нафақаси фақат меҳнат шартномаси бекор қилинган шахсларга тўланади. Бунда:
➖ ишсизлик нафақаси сўнгги 5 йилда камида 18 ой ишлаган шахсларга меҳнат шартномаси бекор қилингандан сўнг улар 6 ой ичида мурожаат қилганда, уларнинг охирги 18 ойлик ўртача иш ҳақи ҳисобидан 3 ой давомида тўланади;
➖ 1-ойда ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади;
➖ 2- ва 3- ойларда эса ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи, лекин меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3 бараваридан ошмаган миқдорда тўланади.
Ишсизлик нафақасини такроран белгилашда дастлабки тайинланган нафақани олиш муддати тугагандан сўнг қўшимча равишда камида 12 ойлик иш стажи талаб этилади.