Бугун 16 май, 2025 йил, жума

O'ZB

20 та штат Трамп маъмуриятини судга берди

A A A
20 та штат Трамп маъмуриятини судга берди

Иммиграция хизмати талаблари ва молиялашни қисқартириш таҳдидлари туфайли АҚШнинг 20 штати Трамп маъмуриятига қарши судга даъво аризаси киритди. Уларнинг кўпчилиги демократлар томонидан бошқарилади, деб хабар беради The New York Times.

Штатларнинг бош прокурорлари икки алоҳида даъво аризасини топширган — бири Фавқулодда ҳолатлар бўйича федерал агентлик (FEMA) ва Ички хавфсизлик вазирлигига, иккинчиси Транспорт департаментига қарши йўналтирилган.

Даъводаги асосий масала — федерал маблағларнинг транспорт, терроризмга қарши кураш ва фавқулодда ҳолатларга тайёргарлик соҳаларида қисқартирилиши. Штатлар бу ҳаракатларни «очиқдан-очиқ ноқонуний» деб аташмоқда. Уларга кўра, маъмурият Конгресснинг молиявий ваколатларини ўзлаштирмоқда ва маблағ воситасида Трамп сиёсатини штатларга мажбурий тарзда қабул қилдирмоқчи.

Даъво ташаббускорлари — Калифорния, Иллинойс, Нью-Джерси, Род-Айленд ва Мэриленд. Уларга Колорадо, Коннектикут, Делавэр, Гавайи, Мэн, Массачусетс, Мичиган, Миннесота, Невада, Нью-Мексико, Нью-Йорк, Орегон, Вермонт, Вашингтон ва Висконсин қўшилган.

Барча штатларда бош прокурорлар ва губернаторлар демократлардан, фақат Невада ва Вермонтда губернаторлар республикачилар ҳисобланади.

Калифорния бош прокурори Роб Бонта суд жараёнига раҳбарлик қилмоқда.

«Президент Трамп муҳим федерал маблағларни сиёсий музокара воситаси сифатида кўраётгани хавотирли», – деди у ўз баёнотида.

Оқ уй ўтган ойда икки фармон эълон қилганди — унда айтилишича, агар «паноҳгоҳ-юрисдикциялар» (санктуар шаҳарлар) иммиграция идоралари билан тўлиқ ҳамкорлик қилмаса, уларнинг молиялаштирилиши тўхтатилиши мумкин

«Агар ушбу демократ бош прокурорлар жиноятчиларга қарши курашга ва ўз жамоалардаги ноқонуний гангстер-иммигрантлар муаммосини ҳал қилишда Трамп маъмурияти билан ҳамкорлик қилишга эътибор қаратишса, ўйин ўйнашмаса – америкаликлар учун яхшироқ бўларди», – деди бу иш юзасидан изоҳ берган Оқ уй вакили Куш Десаи.

Киритилди: 18:48 14.05.2025. Ўқилди: 450 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!