Бугун 20 апрель, 2024 йил, шанба

O'ZB

«15 ёшида она бўлган қиз»: Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотни рад этмоқда

«15 ёшида она бўлган қиз»: Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотни рад этмоқда

«Дарё» интернет нашрида Косон туманида ўқувчи қиз 15 ёшида она бўлгани, бу ҳақда мактаб раҳбарияти, ХТБ ва туғруқхона масъуллари ҳам ўз вақтида хабар бермагани хусусида хабар берилганди. Ушбу мақолага Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси муносабат билдирди.

— Аниқланишича, 2018 йил 10 май куни Косон тумани туғруқ комплексида навбатчи шифокор Нодира Боймуродованинг навбатчилиги пайтида тахминан тунги соат иккилар чамасида қабул бўлимига икки аёл ёшгина жувонни қўлтиқлаб олиб келишган. Шифокорлар ҳомиладор аёлни бирдан туғруқ залига олиб киришган. Унинг ҳамроҳлари эса бола туғилмасидан кетиб қолишган, — дейилади вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати муносабатида.

Бошқарма матбуот хизматининг ёзишича, 15 ёшида она бўлган ўқувчи қиз фарзандини дунёга келтирган куни кечаси туғруқхонадан қочиб кетган.

— Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ёш аёл қиз фарзандни дунёга келтирган. Икки соатдан сўнг у палатага ўтказилган. Бироқ тонг отгунича ёш она чақалоғини ташлаб туғруқхонадан қочиб кетган. У билан бирга келган аёллардан ҳам дарак бўлмаган, — дейди бошқарма ахборот хизмати раҳбари Нуриддин Эгамов. — Шундан сўнг туғруқ комплекси маъмурияти томонидан дарҳол тегишли идораларга хабар берилган. Болани васийлик ва ҳомийлик органи вакиллари олиб кетишган.

«Шу сабабли ижтимоий тармоқларда тарқалган хабардаги туғруқхона масъуллари буни бир йилдан ортиқ вақт давомида яширган, деган даъво асоссиз деб ҳисоблаймиз», — дейилади хабарномада.

Мавзуга доир: Косонда ўқувчи қиз 15 ёшида она бўлди. Мактаб раҳбарияти, туман ХТБ ва туғуруқхона масъуллари ҳодисани бир йилдан ортиқ яширган

Эслатиб ўтамиз, «Дарё»да чоп этилган мақолада Косон туман ИИБ терговчиси ўқувчи қиз ва унинг фарзанди тақдири ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 2019 йил март ойида аён бўлганини, унга қадар на мактаб раҳбари, туман ХТБ ва туғруқхона масъуллари ҳам ҳеч кимга хабар бермагани хусусида айтганди. ИИБ терговчиси Нодир Муродовнинг айтишича, мутасаддиларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга вақтида хабар бермагани сабабли бу ҳақда прокуратурага тақдимнома ҳам киритилганди.

Бошқарма муносабатида ўқувчи қиз тақдири хусусида тегишли идораларга хабар қилингани ёзилаяпти-ю, аммо айнан қайси идорага хабар берилгани очиқланмаган. ИИБ эса буни рад этмоқда. Бош прокуратуранинг «Дарё»га берган баёнотида ҳам ушбу ҳолат узоқ вақт давомида сир сақлангани айтилганди.

Қизиқ, ҳолатга ким ойдинлик киритади?

Киритилди: 16:13 08.11.2019. Ўқилди: 3141 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!