Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати шарқида, Кушинагар туманидаги қишлоқда тўй тантаналарида тасодифан қудуққа тушиб кетган 13 киши, жумладан, етти аёл ва олти қиз ҳалок бўлди. Яна уч нафари касалхонада.
Қайд этилишича, ҳалок бўлганлар орасида 20-35 ёшли аёллар, бир ёшли бола ҳам бор.
Расмийларга кўра, тўйдаги аёллар ва болалар эски қудуқни қоплаган плита устида ўтиришган. Плита оғирликни кўтара олмаган ва унинг устида ўтирганлар қудуққа тушиб кетди. Улар зудлик билан касалхонага етказилган, у ерда 13 киши ҳалок бўлгани маълум қилинган. Ҳодиса оқибатида икки киши оғир тан жароҳати олган.
Касалхонадан олинган кадрларда ҳамон тўй либосида кийинган қариндошлари фожиада ҳалок бўлган яқинларига мотам тутаётгани акс этган. Туман судьяси С.Ражалингам ОАВга шундай деди: “Бизга тасодифан қудуққа тушиб кетган 11 киши ҳалок бўлгани ва икки киши оғир жароҳатлангани ҳақида маълумот олдик. Бу тўй дастури пайтида, қудуқ плитасида бир неча киши ўтирган пайтда содир бўлди».
Кейинчалик оғир жароҳатланган икки киши ҳам вафот этгани маълум бўлди.
Бош вазир Нарендра Моди воқеани «қайғули» деб атади, ҳамдардлик билдирди. Воқеа юзасидан қўшимча тергов ишлари давом этмоқда.