Бугун 8 сентябрь, 2025 йил, душанба

O'ZB

Давлат мукофоти неча сўм туради?

A A A
Давлат мукофоти неча сўм туради?

Ватанимиз олдида алоҳида хизмат кўрсатган юртдошларимиз, хусусан, ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий бўлмаган фуқароларимиз, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси манфаатларида алоҳида хизмат кўрсатган чет эл фуқаролари маънавий-моддий рағбат сифатида давлат мукофотлари билан тақдирланиб боришади.

Давлат мукофотига сазовор бўлиши учун халқимизнинг асл фарзанлари ёки юртимизнинг содиқ дўстлари жасорат кўрсатган, адабиёт, санъат, падагогика, спорт, миллий хавфсизлик, дипломатия, халқ хўжалиги каби кўплаб соҳаларда катта меҳнат қилган бўлиши керак. 

Масалан, уруш ва тинчлик даврида ҳарбий хизматчиларнинг юксак ахлоқий-жанговар сифатлари жонбозларча, фидокорона намоён бўлиб, Ватан олдидаги бурчини бенуқсон адо этишларида ифодаланадиган саъй-ҳаракати ҳарбий жасорат, деб номланади. Бундай жасорат замирида юксак комиллик, интизомлилик, огоҳлик, ҳамжиҳатлик, она заминга чексиз муҳаббат бўлади. Ҳарбий жасорат юксак давлат мукофотлари билан тақдирланади.

Давлат мукофотлари жумласига орден, медаль, фахрий унвон, белги, ёрлиқ, диплом, фахрий ном, мукофотланаётган шахс исми ёзилган қимматбаҳо совға ёки қурол кабилар киради. Хусусан:

1. Орден – тақдирлаш нишони, давлат олдида кўрсатилган алоҳида хизмат учун бериладиган фахрий мукофотдир. Орден билан алоҳида шахслар, шу жумладан, ҳарбий хизматчилар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, корхона, муассаса, ташкилот ва жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар, ҳарбий қисм ва қўшилмалар, маъмурий-ҳудудий бирликлар мукофотланади. Ҳар бир орден, одатда, ўз низомига эга бўлиб, унда мазкур орден билан ким ва қандай хизмати учун мукофотланиши кўрсатиб ўтилади, тегишли орден билан мукофотлаш қоидалари ҳамда мукофотланганнинг ҳуқуқ ва имтиёзлари белгиланади. Мукофотланган шахсга топширилган орден кийимнинг кўкрак соҳасига қадағич воситасида ёки қадағичсиз, ўз тўғноғичи воситасида қадалади. Ҳарбий қисм орден билан мукофотланган бўлса, ушбу орден ҳарбий қисмнинг Жанговар Байроғига қадалади.

Ўзбекистон Республикасида «Мустақиллик», «Амир Темур», «Жалолиддин Мангуберди», «Буюк хизматлари учун», «Эл-юрт ҳурмати», «Фидокорона хизматлари учун», «Соғлом авлод учун», «Меҳнат шуҳрати», «Шон-шараф», «Дўстлик» деб номланган бир қатор орденлар таъсис этилган.

2. Медаль – бирор-бир тарихий воқеа, арбоб ёки жой шарафига таъсис этилган, одатда, икки томонига тасвир туширилган ёки ёзув битилган, асосан доира ёки кўп бурчак шаклига эга металл нишон. Медаль ҳарбий соҳада ва бошқа соҳаларда кўрсатилган хизмат учун бериладиган давлат мукофотидир. Юртимизда медаллар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилиб, тақдирланганларга давлат раҳбарининг шахсан ўзи ёки унинг номидан тегишли мансабдор шахслар топширади. Медаль кўкракнинг чап томонида орденлардан кейин тақиб юрилади. Ўзбекистон Қаҳрамони фахрий унвонининг нишони бўлмиш «Олтин юлдуз» медали бундан истисно. «Олтин юлдуз» медали орден ва медаллардан юқорироққа тақилади.

Ўзбекистон Республикасида «Олтин юлдуз», «Жасорат», «Шуҳрат» каби медаллар таъсис этилган.

Тақдирланган шахс медаллар ўрнига тегишли ранг ва тасвирлари туширилган орден планкасини тақиб юриши мумкин.

Пойтахтимизнинг тутилган буюмлар сотиладиган Янгиобод бозорида ўзбекона таъбирла айтганда, одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса сотилади дейилса, лоф бўлмайди. Масалан, бу ерда, собиқ совет режими даврида берилган ҳар хил орден ва медалларни топиш мумкин. Жаҳон қора бозорида давлат мукофотларининг савдоси азалдан чаққон бўлиб келган. Бундай нишонларни топиб, қора бозорда сотиш мақсадида Россиядаги ўрис жиноятчилар ўзларининг ёлғиз яшайдиган кекса юртдошлари – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ер тишлатиб, орден-медалларини ўғирлаб чиқиши афсуски, одатий ҳолга айланган. Ўзини дераза дастасига осиб ўлдирган Совет Иттифоқи Маршали Ахромеевнинг мурдасини эса, орден-медаль пайида юриб, ҳеч нарсадан тап тортмайдиган ўрис кафандўзлари дафн кунининг эртасига гўридан қазиб чиқариб, маршаллик белгиси бўлмиш жезлини жасад ёқасидан ечиб кетишган (ўрислар ўз ҳарбий хизматчиларини гробга ҳарбий кийими билан ётқизиб кўмишларини билсангиз керак).

Хўп, совет нишонлари бизда ҳам сотилишини биламиз, бундай ҳолатларга аллақачон кўникиб қолганмиз, лекин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъсис этилган давлат мукофотлари юртимиз бозорларида очиқдан-очиқ сотилишига йўл қўйиб бўлмас, ахир?! Бозорда сотиш ҳуқуқи билан берилмайдику, улар!

Бир иш билан Янгиобод эски буюмлар бозорига кирган эдим. Менга керакли павильон томон борар эканман, шериклари билан қарта ўйнаб ўтирган бир ўрис ҳар хил темир-терсаклар орасига кўзимга чўғдай кўринган бир эмас, нақ тўртта «Шуҳрат» медалини териб қўйганига эътибор қилдим. Уни аста гапга тутиб, медалларни қаердан олгани билан қизиқдим. Айтмади аблаҳ. Лекин сохта эмас, ҳақиқий эканлигига юз фоиз кафолат берди. 

Ўзбек медали бозорда монесиз сотилаётгани менга жуда алам қилди, ич-ичимда қандайдир оғриқ ҳис этдим. Юртимиз Россия империяси томонидан босиб олингани, халқимиз қон қусганини англатадиган анави оккупация рамзи – авлиё Георгий тасмасини тақиб юришларига индамаймиз, баъзиларнинг фикрига кўра, ўриснинг юрти билан йўлга қўйилган муносабатларимиз, ўша чиркин латта бўлагининг дастидан бузилиб кетишидан қўрқамиз. Лекин нима учун улар давлатимиз мукофотларини бозорда бемалол сотиб ўтиришларига йўл қўйишимиз керак?! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошида бирон-бир идора борми ўзи, бундай нарсаларни назорат қиладиган? Маънавият ва маърифат марказининг хабари борми, маънавиятимиз рамзларининг қора бозори-ю, «нарх-навоси»дан?

Бошқа бир савол туғилади: қаердан олди анави алкаш тўртта «Шуҳрат» медалини?

Фикримча, орден-медаллар билан тақдирлаш масаласига сал жиддийроқ ёндашишимиз керак. Яъни давлат мукофоти билан тақдирлашга тавсия этилган шахс ҳақиқатан ҳам юртимизни Ватан деб билишини, халқимизга, миллатимизга содиқ, унга сидқидилдан хизмат қилаётган, тилимиз, тарихимиз, расмий рамзларимизга ҳурмат-ла қарайдиган муносиб киши эканлигини атрофлича текшириб чиқиш керак, деб ўйлайман.

Мустақиллигимиз қайта тикланган дастлабки йилларда тақдир тақозоси ила иложсиз қолиб, давлатимиз фуқаролигини қабул қилишга мажбур бўлган, миллатимизга, юртимиз равнақига доир чиркин киноясини ҳеч қўймайдиган тоифа Ватанимизда кечаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, шу жумладан, уларга берилган давлат мукофотларига ҳурмат-ла қарашига шахсан мен шубҳа қиламан.

Юбилей медали билан тақдирланган шундай тоифа вакили – ёши анчага бориб қолган бир ходим вазир ўринбосарининг қўлидан медаль олар экан: «Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!» — дея миннатдорлик билдириш ўрнига, «Служу России!» — дея хитоб қилгани ҳақида эшитган эдим. Шундай экан, унинг Янгиободда темир сотиб ўтирган анави ҳамтовоғи бир эмас, тўртта «Шуҳрат» медалини кимлардан йиғиб олганини фаҳмлаш қийин эмас.

Шокир Долимов,
"Azon.uz"нинг ҳарбий-сиёсий шарҳловчиси, 
истеъфодаги подполковник

Киритилди: 18:08 05.04.2021. Ўқилди: 6694 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!