Бугун 20 октябрь, 2024 йил, якшанба

O'ZB

Ишсизлик нафақаси ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатидир

Ишсизлик нафақаси ҳар бир ходимнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатидир

Мамалакатимизда иқтисодиётни янгилаш ва модернизация қилиш борасида амалга оширилиб келинаётган кенг қамровли ислоҳотлар бугунги кунда аҳоли даромадларини ўсишини таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтиришга замин яратмоқда.

Шу нуқтаи назардан, республиканинг иқтисодий-ижтимоий хусусиятидан келиб чиқиб аҳолини иш билан таъминлаш, айниқса, ёшлар, аёллар бандлигини таъминлаш, уларнинг ишсизликдан муҳофаза этиш борасидаги масала доимо ўз долзарблигини йўқотмайди ва бу давлат рахбариятининг диққат марказида бўлиб келган. 

Иш билан таъминланиш фуқароларнинг қонун ҳужжатларига зид келмайдиган, ўз шахсий ва ижтимоий эҳтиёжларини қондириш билан боғлиқ бўлган, уларга иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган фаолиятидир.

Унумли ва ижодий меҳнат қилишга бўлган ўз қобилиятларини тасарруф этиш ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият, шу жумладан ҳақ тўланадиган ишни бажаришга алоқаси бўлмаган фаолият билан шуғулланиш мутлақ ҳуқуқи фуқароларга тегишлидир.

Аҳолини иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидаги принципларга асосланади:

  • меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда барча фуқароларга жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий аҳволи ва мансаб мавқеидан, динга муносабати, эътиқодидан, жамоат бирлашмаларига мансублигидан, шунингдек ходимларнинг ишчанлик жиҳатларига ҳамда улар меҳнатининг натижаларига боғлиқ бўлмаган бошқа ҳолатлардан қатъи назар тенг имкониятларни таъминлаш;
  • кишиларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларда меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантиришга кўмаклашиш;
  • меҳнат қилишнинг ихтиёрийлиги;
  • иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш;
  • ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож ва иш топишда қийналаётган фуқаролар учун мавжуд иш жойларини сақлаб қолаётган ва янги иш жойларини яратаётган иш берувчиларни рағбатлантириш;
  • иш билан таъминлаш соҳасидаги тадбирларни иқтисодий ва ижтимоий сиёсатнинг бошқа йўналишлари билан мувофиқлаштириш;
  • аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда давлат органлари, касаба уюшмалари, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчиларнинг ўзаро ҳамкорлиги;
  • аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини ҳал қилишда давлатлараро ҳамкорлик.

Айни пайтда, аҳолининг ишсизлиги, бунга замин яратадиган омиллар жамиятда, шу жумладан ҳар қандай ташкилот ва корхона жамосида турли хил зиддиятларни, ижтимоий муаммоларни вужудга келтириши мумкин.

Шу ўринда, ишсизлик тушунчаси ўзи нимадан иборат эканлигига алоҳида назар ташласак, ишсиз деб кимлар ҳисобланиши, ишсизларга берилган имтиёз ва кафолатлар қандай тайинланиб кимларга берилиши, бу борада иш берувчи томонидан қонун бузилишига йўл қўйилганда фуқаро қандай қилиб ўининг ҳуқуқларини тиклаши мумкинлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ишсизлар деганда ўн олти ёшдан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга тайёр бўлган ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар (бундан таълим муассасаларида таълим олаётганлар мустасно) тушунилади.

Ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилган ва улар томонидан иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган шахслар ишсиз деб эътироф этилади.

Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидираётган шахс сифатида рўйхатга олинган кундан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.

Аксарият, меҳнат органларида рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган шахслар, рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида мақбул келадиган ишни қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган шахслар ишсиз деб эътироф этилмайди.

Бизнинг фикримизча, бундай тартиб-таомил нафақат давлат ёки давлат органининг ишсизликни таъминлашга қаратилган чоралари, балки ишсиз юрган шахс ёҳуд ишдан бўшатилган ходимнинг ўзини ҳимоя қилиш, ҳуқуқларини тиклаш ва ижтимоий кафолатлардан самарали ва тез фойдаланишга ундайдиган механизм ҳисобланади.

Чунки, ишсизликни ва ишсиз юрган шахсни давлат ҳимоясига олиш тезкорлик ва аниқ чораларни белгиловчи омил ҳисобланишини ҳисобга олиш зарур.

Ишсиз шахсларга моддий мадад беришга оид кафолатлар қуйидагилардан иборат:

  • ишсизлик нафақаси тўлаш;
  • меҳнат органларининг йўлланмаси бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ёки малака ошириш даврида стипендия тўланиши ҳамда шу даврни умумий меҳнат стажига қўшиш;
  • ишсиз шахсга қарамоғидагиларини ҳисобга олган ҳолда моддий ёрдам бериш;
  • ҳақ тўланадиган жамоат ишларида қатнашиш имконияти;
  • меҳнат органларининг таклифига биноан ишлаш учун ихтиёрий равишда бошқа ерга кўчиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш.

Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган шахслар ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқига эга.

Ишсизлик нафақаси ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади. Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакларга ишсизлик нафақаси улар ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.

Ишсизлик нафақаси уларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва тўланади. Ишсизлик нафақаси кўпи билан ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;

илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.

Амалиётда иш берувчининг айби ёки тегишли меҳнат органининг айби билан ишсизлик нафақаси тўланмай қолган шасхлар ҳам учрайди.

Бундай вазиятда ишсиз қолган шахснинг ҳуқуқлари суд орқали ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланган.

Ушбу тоифадаги ишларнинг судларда кўрилиши меҳнат қонунчилиги, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг рахбарий кўрсатмалари асосида кўриб чиқилиб ҳал этилади.

Жумладан, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси қонунлари (Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги “Ишдан маҳрум бўлган чоғдаги ижтимоий кафолатлар”, “Меҳнат органларида фуқароларни рўйхатга олиш, уларни ишга жойлаштириш, ишсизлик нафақасини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низом) Олий Мажлис қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, Қорақалпоғистон Республикаси қонунлари ва Жўқорғи Кенгес қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари, давлат ҳокимиятининг бошқа вакиллик ва ижроия органлари ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари шулар жумласидандир.

Мисол учун, фуқаро Н.А. Акциядорлик жамияти раисининг буйруғига асосан ишлаган жамият тугатилганлиги сабабли ишдан бўшатилган. У билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми,
1-бандига асосан бекор қилинган.

Шундан кейин, Н.А. ўзига бошқа иш излаш мақсадида Тошкент шаҳридаги туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган.

Марказ томонидан даъвогар Н.А. 2019 йил 1 ноябрда иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган.

Уч ой ичида жавобгар Н.А. меҳнат органида ишсиз деб эътироф этиш чоралари кўрилмаганлиги сабабли даъвогарга нафақа пули тўланмай қолган.

Н.А. бу борада туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилган. Мурожаати қаноатлантирилмаганлиги боис, судга ўзининг бузилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб даъво аризаси киритган.

Суд ишни кўриш жарёнида фуқаролик иши доирасида жалб қилиниш лозим бўлган барча шахсларни, шу жумладан туман банлик марказини ҳам эшитиб, ишга дахлдор барча далилларни тўплаган.

Аниқланишича, Н.А. у билан меҳнат шартномаси бекор қилиган кундан бошлаб, 10 кун ичида Тошкент шаҳар Яшнобод туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига иш билан таъминлаш масаласида мурожаат этган ва иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган.

Уч ой ичида жавобгар ташкилот Н.А.ни бошқа иш билан таъминлаш мақсадида тумандаги бир неча ташкилотларга иш вакансиялар борасида сўровлар қилинган. Ушбу ташкилотлардан рад жавоби келганлиги боис, даъвогарни бошқа иш билан таъминлаш имкони бўлмаган.

Лекин, орадан ўтган уч ой ичида даъвогар Н.А. жавобгар туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ишсиз деб эътироф этиш чоралари кўрилмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси текширув ўтказиб, марказнинг масъул ходимларига қонун бузилиш ҳолати юзасидан тегишли чора кўришни сўраб тақдимнома киритилган. Натижада, марказ ходимилари белгиланган интизомий жазога тортилган.

Орадан уч ой ўтиб, туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказининг 2020 йил 1 февраль кунги қарори билан Н.А. ишсиз деб эътироф этилган.

Амалдаги қонун бўйича ишсизлик нафақаси уларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва тўланади.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига кўра,  ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахслар учун ишсизлик нафақаси олдинги иш жойидаги охирги бир йилги ўртача иш ҳақига фоиз нисбатида белгиланади. Бошқа ҳолларда ишсизлик нафақаси қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига фоиз нисбатида белгиланади.

Иш ҳақига коэффициентлар белгиланган жойларда яшовчи шахсларга тайинланадиган ишсизлик нафақаси миқдорлари уларнинг шу жойларда яшаган даври учун мазкур жойда ноишлаб чиқариш тармоқларининг ходимларига белгиланган коэффициентни қўллаган ҳолда аниқланади.

Ишсизлик нафақаси миқдорини ҳисоблаб чиқишда туман коэффициентларини қўллаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан белгиланади.

Суд томонидан ушбу қонун асосида, даъвогар Н.А.нинг оҳирги иш жойидан иш ҳақига оид маълумотни талаб қилиб олиб, ишсизлик нафақаси миқдорини белгиланган ҳамда ушбу суммани жавобгардан даъвогар фойдасига ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган.

Хулоса қилинганда, ҳар бир фуқаронинг ишсизликдан ҳимояланиш, иш билан банд бўлиш, меҳнат қилиш ва ишни эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишда тенг имкониятларни яратиш, кишиларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларда меҳнат қилиш ва ҳаёт кечиришда муносиб шароитларни таъминлайдиган унумли ва ижодий меҳнат қобилиятини ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларнинг бажарилишини назорат қилишда давлат органлари, касаба уюшмалари, ходимларнинг вакиллик органлари ва иш берувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, келгусида давлатнинг ижтимоий сиёсатини самарали олиб борилишига, аҳолини иш билан таъминлаш муаммоларини қайсидир бир даражада ҳал этилишига кўмаклашади.

Судлар эса бу борада шахснинг меҳнат ҳуқуқи ва ижтимоий ҳимояси сифатида давлат кафолатини таъминловчи органлардан бири бўлади.

Азамат Менглиев,
Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро суди судьяси 

Муҳаммади Маматов, 
Судьялар Олий мактаби тингловчиси

Киритилди: 20:15 14.01.2021. Ўқилди: 3212 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!