Лондон полицияси Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг уйида юз берган ёнғин бўйича тергов бошлади, деб хабар беради The Times.
Қайд этилишича, қиймати 2 миллион фунт турадиган уйда ёнғин бугун, 12 май куни чиққан. «Соат 01:35 да полиция Лондон шимолидаги уйда ёнғин содир бўлаётгани тўғрисида хабардор қилинди. Полициячилар воқеа жойига етиб келди. Ёнғин уйнинг эшикларига зарар етказган. Жабрланганлар йўқ», — дея Скотленд-Ярд баёнотидан иқтибос келтиради газета.
Баёнотда таъкидланишича, ҳолат юзасидан тергов давом этмоқда, воқеа жойи ўраб олинган. Полиция ёнғиннинг келиб чиқиш сабабини эълон қилмаган.
Кир Стармер бош вазир лавозимига киришгач, турмуш ўртоғи билан Британия ҳукумати раҳбарининг Даунинг-стритдаги расмий қароргоҳига кўчиб ўтган. Маълумотларга кўра, бош вазирнинг шахсий уйи ижарага берилган.