Яқин кунларда оғирлиги қарийб ярим тонна бўлган совет планеталараро космик аппарати Ерга қулайдиган бўлди.
Бу 1972 йилда Венерага йўналтирилган, аммо Ер орбитасида қолиб кетган "Космос-482" станциясининг қўниш модули ҳисобланади. Унинг айнан қачон сайёрамиз юзасига тушиши ҳозирча номаълум, бироқ бу воқеа тахминан май ойининг биринчи ярмида содир бўлиши кутилмоқда. Шу билан бирга, мутахассислардан бирининг фикрича, аҳоли яшайдиган ҳудудларга тушиш хавфи ҳам мавжуд.
Венера станцияси 1972 йил 31 март куни саҳарга яқин Бойқўнғир космодромидан учирилган эди. У бошқа бир станциянинг захира нусхаси бўлиб, ҳар иккиси ҳам "Венера-8" дастури доирасида ишга туширилган. Иккала аппарат ҳам жиҳозлари ва хусусиятлари жиҳатидан бир-бирига тўлиқ мос келарди.
Бундай такрорий учиришлар сайёралараро тадқиқотлар пайтида муваффақият эҳтимолини ошириш мақсадида амалга оширилган.
Улар "Молния М" ракеталари ёрдамида учирилган - бу ракеталар "Союз" билан бир оилага мансуб бўлиб, оғирроқ аппаратларни юқорироқ орбиталарга олиб чиқиш учун бир поғона катталаштирилган эди.