Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда "Замин" халқаро жамоат фонди томонидан Тошкент шаҳрининг Яшнобод ва Олмазор туманларида 2 та автоматик ҳаво мониторинги станцияси ўрнатилди ва ишга туширилди.
Бу "Атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторингини автоматлаштириш" лойиҳаси доирасида амалга оширилди. Ўрнатилган станциялар ҳаво ифлосланишини юқори даражадаги аниқликда ўлчаш бўйича патентланган технологияларга эга.
Таъкидлаш жоизки, автоматик станцияларни ўрнатиш жойини танлаш турли омилларга боғлиқ. Улар орасида аҳоли зич жойлашган ҳудудлар, асосий йўллар ва транспорт магистраллари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар муҳим ўрин тутади. Бу ўз навбатида аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қарорлар қабул қилиш учун аниқ маълумотлар тўплаш ва улардан самарали фойдаланиш имконини беради.
Станциялар сонининг кўпайиши, албатта, бу борада малакали кадрларни талаб қилади. Шунинг учун ҳам Гидрометеорология агентлиги ходимлари станциялардан келаётган маълумотларни таҳлил қилиш, шунингдек, ускуналар ва дастурий таъминотдан фойдаланиш бўйича мунтазам равишда ўқитилмоқда.