БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия-Украина можароси бошланганининг икки йиллигига бағишланган БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Украинадаги можаро Европанинг юрагидаги «очиқ яра» бўлиб қолмоқда.
Гутерришнинг қайд этишича, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ дунёни урушдан ҳимоя қилиш учун «йўл харитаси»ни тақдим этади. «Аммо Россиянинг Украинага тўлиқ бостириб кириши иккаласини ҳам бузди», деди ташкилот раҳбари адолатли тинчликни таъминлаш вақти келганини таъкидлаб.
Ҳозирги дунё тартибини «тартибсиз» деб атаган Гутерриш кучлар мувозанати ноаниқлигича қолаётгани, кенг тарқалган беқарорлик ва «дахлсизлик» туйғуларини қолдиришини айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Украина халқининг можаро туфайли азоб чекаётганига эътибор қаратди. 10 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлди, шифохоналар, мактаблар, тиббиёт муассасалари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси вайрон бўлди, деди у. Гутерришнинг сўзларига кўра, БМТ кенг кўламли зўравонликларни қайд этмоқда.
БМТ Бош котибининг таъкидлашича, «Россия армияси томонидан тинч аҳоли ва маҳбусларга нисбатан қийноқ ва жинсий зўравонлик» қўлланилгани ҳужжатлаштирилган. «Барча айбдорлар жавобгарликка тортилиши керак», деди у.
Гутерришга кўра, украиналик оилалар фарзандларини йўқотишдан қўрқиб яшайди. «Тўрт миллионга яқин украиналик уй-жойини ташлаб кетган, уларнинг бир миллиони болалар. Мамлакатда 14 миллион одам гуманитар ёрдамга муҳтож», - деди Антонио Гутерриш.
У можаро рус халқига ҳам зарар етказаётганига эътибор қаратди. Минглаб россиялик ёшлар ҳозир фронтда ва можаронинг тарқалиш хавфи юқорилигича қолмоқда, деди ташкилот бош котиби.
Можаро озиқ-овқат нархининг ошишига, иқтисодий нотинчлик ва глобал ҳаёт инқирозига олиб келди, бу эса ривожланаётган мамлакатларга энг оғир таъсир кўрсатди, деди Гутерриш.
Бундан ташқари, можаро ядровий холокостга олиб келиши мумкинлиги бутун дунёни хавотирга солмоқда, дея қўшимча қилди у.
«БМТ Низомига қайтиш ва халқаро ҳуқуққа ҳурматни тиклаш вақти келди», деди жаҳон ташкилоти раҳбари.