Бугун 23 декабрь, 2024 йил, душанба

O'ZB

Шавкат Мирзиёев ОИТСга қарши янги қарорни имзолади

Шавкат Мирзиёев ОИТСга қарши янги қарорни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҚАРОРИ имзоланди.

Қарорда қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси олға сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекцияли шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, 95 фоизи махсус даволаш курслари билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган.

Ҳозирда ОИВ инфекцияли шахсларнинг 85 фоизи ўз мақомини билади, ретровирусга қарши махсус терапия билан даволаш қамрови 79 фоизни, вирус юкламасининг пасайиши 74 фоизни ташкил этади.

Мазкур стратегияга мувофиқ тадбирларни амалга ошириш мақсадида Аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023–2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланмоқда (қарорга илова).

Ушбу Дастурни амалга ошириш учун 2023–2027 йилларда жами 120 млрд сўм ва 54 млн доллар йўналтирилади (Давлат бюджетидан 110 млрд сўм ва 28 млн доллар, шунингдек, ОИТСга, сил касаллигига ва безгакка қарши курашиш Глобал жамғармаси маблағлари ҳисобидан 18 млн доллар, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан 7,5 млн доллар, халқаро ташкилотлардан 9,5 млрд сўм грант маблағлари).

Дастур доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:

а) ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида:

ҳар йили камида 3 млн аҳоли текширувлар билан қамраб олинади ва бунинг учун 11,4 млн дона диагностик тест-тизимлари (экспресс, ИФА тестлари) харид қилинади;

ОИТСга қарши кураш марказлари ОИВ инфекцияси диагностикаси ва даволаш самарадорлигини мониторинг қилиш учун зарур 587 мингта диагностик воситалар (иммуноблот, ПЗР ва СД4) билан таъминланади;

50 минг нафар аҳолини махсус даволаш курслари билан қамраб олиш учун 22 турдаги ретровирусга қарши дори воситалари харид қилинади;

ОИВ инфекциясини онадан болага юқишига барҳам бериш мақсадида ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 2 минг нафардан ортиқ 6 ойгача бўлган болалар қуруқ сут аралашмаси билан таъминланади;

б) соғлиқни сақлаш органлари томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ОИВ инфекцияси юқиши эҳтимоли юқори гуруҳлар (гиёҳвандлар ва бошқалар) орасида профилактик тадбирлар олиб борилади;

в) аҳоли орасида кенг тарғибот-тушунтириш ишлари ташкил этилади;

г) 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар бошқа ҳудудларда ФҲДЁ органлари ва тиббиёт муассасалари ўртасида никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш бўйича электрон маълумот алмашинув тизими жорий этилади;

д) 2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида дори ва диагностик воситаларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизими яратилади;

Бунинг учун БМТнинг Ривожланиш дастури орқали 100 минг доллар ажратилади.

е) Республика ОИТСга қарши кураш маркази лабораторияси халқаро аккредитациядан ўтказилади ва ўтказилган текширувлар натижалари халқаро тан олиниши таъминланади;

ж) ҳудудий ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро лабораторияларининг моддий-техника базаси ривожлантирилади, жумладан:

15 та марказ бинолари ҳамда уларнинг 20 та туманлараро лабораторияларида қурилиш, капитал таъмирлаш, реконструкция
ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилади;

марказларнинг поликлиника бўлимлари 3 турдаги (ЭКГ, денситометр, УТТ) ва лабораториялари 21 турдаги тиббий ускуналар билан жиҳозланади;

з) мутахассисларнинг касбий салоҳияти оширилади, шу жумладан камида 50 нафар тиббиёт ходимлари хорижга малака оширишга юборилади, ОИВ инфекцияси бўйича фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар амалга оширилади.

Киритилди: 22:13 20.01.2023. Ўқилди: 6551 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!