Киев АҚШда 5 ноябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан сўнг Украинадаги уруш ривожланишининг учта сценарийси борлигини кўрмоқда. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский Financial Times (ФТ) нашрида берган интервьюсида маълум қилди.
"Биз воқеалар ривожланишининг уч хил вариантини кўряпмиз. Уларнинг бири - қўллаб-қувватлашнинг давом этиши, бироқ иттифоқчилар баъзи хавф-хатарлардан чўчиши мумкин. Оқ уй учун сайлов пойгасида ким ғалаба қозонишига қараб, биз [яна икки] бошқа йўналишни кўряпмиз," - деди давлат раҳбари.
Зеленский иккинчи ва учинчи сценарийларнинг моҳиятини ошкор қилмади. У, шунингдек, бундай вариантлар Киев учун озми-кўпми ижобий бўладими ёки йўқми, дея жавоб бера олмади. Унинг сўзларига кўра, бу масала украиналиклар учун жуда нозик.