Украина президенти Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, 12 июль куни тонгги соатларда Россия томонидан Украина ҳудудларига 26 та қанотли ракета ва 597 та дрон учирилган.
«Бу тун Харьковдан ва Сумидан то Львов ва Буковинагача ҳужум қилинди. Жами 26 та қанотли ракета ва 597 та дрон бўлди», — деб ёзди Зеленский ўзининг Telegram-каналида.
Унинг сўзларига кўра, 20 дан ортиқ ракета ва кўпчилик дронлар Украина ҳаво мудофаа тизимлари томонидан йўқ қилинган.
Шу билан бирга, Зеленский фуқаролик инфратузилмалари, жумладан, турар жой биноларига ҳам зарбалар берилганини таъкидлади.
«Ҳозирча Черновцыда 2 нафар фуқаро ҳалок бўлгани маълум. Яқинларига ҳамдардлик билдираман. Яна тахминан 20 нафар яраланган фуқарога тиббий ёрдам кўрсатилмоқда», — дея таъкидлади Украина раҳбари.