Рим папаси Франциск Украина президенти Владимир Зеленскийни Ватиканда қабул қилди, уларнинг учрашуви ярим соат давом этди.
Асирга олинган ва депортация қилинган украиналикларнинг қайтиши Рим папаси билан музокараларнинг асосий мавзусига айланди.
«Украинадаги барчамиз учун маҳбуслар ва депортация қилинган одамларга тааллуқли ҳамма нарса жуда оғриқли масала бўлиб қолмоқда. Булар катталар ва болалар, кўплаб тинч фуқаролар, улар ҳозир Россиядаги қамоқхоналар ва лагерларда», — деб ёзди Владимир Зеленский Телеграмъдаги расмий каналида.
Учрашувда Зеленский Рим папасига харобалар орасида қиз тасвирланган «Бучадаги қирғин» номли картинани совға қилди.
Украина президенти Ватикан Давлат котиби Пиетро Паролин билан ҳам учрашди. Уларнинг музокараларида Украинадаги урушни қандай тугатиш, адолатли ва барқарор тинчликка эришиш масалалари муҳокама қилинди. Ватикан бош дипломати мамлакатдаги гуманитар вазиятдан хавотир билдирди.